Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20306 марта ўқилди

Кредит қайси мақсадлар учун берилади?

Томорқа ер эгаларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида томорқадан даромад олишга қаратилган лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Кредит маблағларидан, жумладан:

  • паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик ва асаларичилик;
  • балиқчилик;
  • ихчам иссиқхона ташкил этиш;
  • кичик интенсив боғдорчилик;
  • лимончилик ва узумчилик;
  • полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва сабзавот етиштириш;
  • артезиан қудуқларини бурғилаш учун фойдаланиш мумкин. Бир кредит доирасида томорқани ривожлантиришнинг бир нечта йўналишидан фойдаланишга ҳам рухсат этилган.

Қанча миқдорда кредит олиш мумкин?

Ер майдони 10 сотихдан ортиқ бўлган томорқа ер эгаларига 50 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши мумкин.

10 сотихли ихчам иссиқхона барпо этиш ёки балиқчилик фаолиятини ташкил қилиш учун эса 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши назарда тутилган.

Кредит муддати ва фоиз ставкаси қандай?

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.

Фаолият турига қараб кредит муддати фарқ қилади. Хусусан:

  • чорвачилик, балиқчилик ва тухум йўналишидаги паррандачилик учун — 3 йилдан 4 йилгача, 1 йилгача имтиёзли давр билан;
  • боғдорчилик, узумчилик, лимончилик, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини харид қилиш, шунингдек артезиан қудуқларини бурғилаш учун — 7 йилгача, 3 йилгача имтиёзли давр билан.

Аниқ кредит шартлари лойиҳа йўналишига қараб белгиланади.

Кредит олиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги кредитлар Ягона электрон платформа орқали рақамлаштирилган тартибда ажратилади.

Кредит ажратишда ҳоким ёрдамчисининг тавсияси ва белгиланган тартибда лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобга олинади. Маҳсулот ёки хизмат етказиб берилгани тегишли тартибда тасдиқланади.

Сув таъминоти оғир ҳудудлар учун субсидия борми?

Сув таъминоти оғир бўлган томорқа ва ижара ер майдонларини суғориш учун тик қудуқ бурғилаш ҳамда қуввати камида 10 кВт бўлган қуёш панелини ўрнатиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ 200 млн сўмдан ошмаган қисми субсидия сифатида қоплаб берилади.

Жорий йилда бурғиланган вертикал суғориш қудуғини ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун тегишли ҳужжатлар кейинги йилнинг иккинчи чорагига қадар қабул қилинади.

Эслатма: кредит миқдори ва муддати томорқанинг майдони ҳамда лойиҳа йўналишига боғлиқ. 50 млн ёки 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ҳар қандай мақсад учун эркин ишлатишга бериладиган маблағ эмас — кредит белгиланган тадбиркорлик лойиҳаси учун ажратилади.

Chat