Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 38691 марта ўқилди

Ҳақиқий ҳарбий хизмат - чақирув ёки контракт бўйича оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизматдир.

Ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегараси
  • контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар (матрослар), сержантлар (старшиналар) ва кичик офицерлар учун — 45 ёш;
  • катта офицерлар учун — эллик ёш, полковниклар (I ранг капитанлари) учун — 55 ёш;
  • генерал-майор, генерал-лейтенант ва генерал-полковник ҳарбий унвонидаги офицерлар учун — 60 ёш этиб белгиланади.

Ҳарбий хизматда бўлиш ёши чегарасига етган, илмий даражаси ва илмий унвони, шунингдек эгаллаб турган лавозимида юксак касбий тайёргарлиги, катта амалий иш тажрибаси бўлган, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддати ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарлари ёки шундай ваколатлар берилган бошқа мансабдор шахслар томонидан ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасидан 5 йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Ҳарбий хизмат - Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир.

Ҳарбий хизматнинг турлари:
  • муддатли ҳарбий хизмат;
  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;
  • контракт бўйича ҳарбий хизмат;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақириладилар.

Муддатли ҳарбий хизмат - чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.

Муддатли ҳарбий хизмат муддати календарь ҳисобида 12 ой этиб белгиланади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат

Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига шахслар 27 ёшга тўлгунга қадар олинадилар ва ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилишлари мумкин, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда эса ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган фуқаролар 27 ёшга тўлганларидан кейин Қуролли Кучлар резерви таркибига ўтказиладилар.

Контракт бўйича ҳарбий хизмат

Контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

Ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар.

Ҳарбий хизматни ўташ муддатлари ва асосий шартлари контрактда белгиланади. Бунда ҳақиқий ҳарбий хизматга контракт бўйича кираётган шахслар билан дастлабки контракт 5 йилга тузилади; контракт бўйича ҳарбий хизматчилар (резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар) билан янги контракт 5 йилга ёки агар ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етишига 5 йилдан кам қолган бўлса, камроқ муддатга тузилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан ўқиш даври учун келгусида уларнинг офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни камида 5 йил мажбурий ўташи шарти билан контрактлар тузилади.

Ҳарбий хизматнинг контрактда назарда тутилган муддати тугаганидан кейин тарафларнинг келишуви билан бу муддат янги контракт тузиш орқали узайтирилиши мумкин. Контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Муқобил хизмат

Муқобил хизмат фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида туридир.

18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, ҳарбий рўйхатда турувчи ва хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролар, агар улар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат ҳуқуқига эга.

Муқобил хизматнинг муддати 24 ойни, олий маълумотли фуқаролар учун эса 18 ойни ташкил этади.

Ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлишнинг бошланиши:

муддатли ҳарбий хизматга чақирилган чақирилувчилар ҳамда захирадаги офицерлар учун — ҳарбий қисмга жўнаш мақсадида мудофаа ишлари органида ҳозир бўлган кун;

контракт бўйича ҳарбий хизматга кирган шахслар учун — ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контракт кучга кирган кун;

олий ҳарбий таълим муассасаларига, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган таълим муассасаларига ўқишга кирган чақирилувчилар, ҳарбий хизматга мажбурлар учун — тегишли таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган кун;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳарбий лавозимга тайинланган шахслар учун — тегишли фармон, қарор ёки фармойиш имзоланган кун ҳисобланади.

Ҳарбий хизматдан резервга бўшатилиши ёки истеъфога чиқарилиши муносабати билан ҳарбий қисм командирининг буйруғига биноан шахсий таркиб рўйхатидан чиқарилган кун ҳарбий хизматчи учун ҳарбий хизматда бўлишнинг тугаши ҳисобланади.

Ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади.

Chat