Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 35705 марта ўқилди

Туғилишни қайд этишнинг умумий тартиби
  • Туғилишни қайд этилишидан асосий мақсад фуқароларнинг конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларини ҳимоялашни ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеани белгилашдир.
  • Боланинг туғилишини бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим. Бунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш мумкин.
  • Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб 1 ой муддат мобайнида оғзаки ёки ёзма шаклда берилиши зарур.
  • Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахслар, шунингдек тиббиёт муассасаларининг, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан берилиши мумкин.
  • Тўғилганлик ҳолатини қайд этиш учун талаб қилинади:
    • Бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома;
    • Ота-онанинг паспортлари ёки паспортни ўрнини босувчи хужжат;
    • Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ёки оталикни аниқлаш тўғрисидаги ариза (турмушга чиқмаган ота-онадан туғилган) ёки турмушга чиқмаган онанинг аризаси.
  • Ота-онанинг шахсини тасдиқловчи хужжати бўлмаган тақдирда, айрим ҳолатларда ФҲДЁ органи бола туғилганлиги қайд этишни рад қилолмайди. Бунда ота-она тўғрисидаги маълумотлар никоҳни қайд этиш тўғрисидаги гувохномага ёки илгари тўғилган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага асосан тўлдирилади.

Суднинг ҳал қилув қарорига асосан туғилишни қайд этиш
  • Боланинг туғилишини қайд этиш учун етарли асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, яъни туғилганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ҳужжатларда жиддий тафовутлар мавжуд бўлганда ва бошқа ҳолларда боланинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарорига асосан амалга оширилади.
  • Бола 16 ёшдан ошган ва туғилиши қайд этилмаган ҳолларда ҳам боланинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини қайд этиш фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарорига асосан амалга оширилади. Бунда туғилганлик фактини белгилаш учун ариза беришда давлат божи ундирилмайди.

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш

Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш учун ички ишлар органи, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола парваришланаётган муассаса маъмурияти ёки тиббий муассаса томонидан бола топиб олинган (ташлаб кетилган) жойдаги ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза берилади:

  • ички ишлар органи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати тўғрисидаги далолатномаси;
  • тиббий муассасанинг топиб олинган ёки ташлаб кетилган боланинг ёши, жинси, вазни ва бўйи тўғрисидаги маълумотномаси.

Туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилишини қайд этиш
  • Туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган боланинг туғилишини қайд этиш шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари участка шифокори (фельдшер ёки акушер) томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида амалга оширилади.
  • Бундай ҳолатларда боланинг ушбу онадан туғилганлигига гувоҳ бўлганлар иштирокида тузилган ва участка шифокори (фельдшер ёки акушер) тасдиқлаган далолатнома тиббий маълумотнома бериш учун асос ҳисобланади.

Ёлғиз онадан туғилган боланинг туғилишини қайд этиш
  • Туғилишни қайд этиш учун ёлғиз (қонуний никоҳда бўлмаган) она томонидан ФҲДЁ органига онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ёзма ариза тақдим этилади.
  • Агар туғилган боланинг онаси вояга етмаган бўлса, туғилишни қайд этиш боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг аризасига асосан онанинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.
  • Бунда болани туққан онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан бирга яшаш ва ўқиш жойидан расми елимланган ҳолдаги маълумотномалар тақдим этилиши лозим.
  • Ёлғиз онанинг аризасида она ва отанинг фамилияси бир хилда онанинг фамилияси бўйича кўрсатилиши лозим.
  • Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида «Отаси» ва «Онаси» устунларини очиқ қолдириш қатъиян ман этилади.
  • Боланинг фамилияси эса онанинг фамилияси ёки миллий анъаналарга кўра она томонидан бобонинг исми бўйича берилиши мумкин.

Чет элда туғилган боланинг туғилишини этиш

Туғилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланиши мумкин бўлган боланинг туғилганлигини қайд этиш бола туғилган ёки унинг ота-онаси доимий ёки вақтинча яшаб турган консуллик округидаги консул томонидан умумий асосларда амалга оширилади.

ФҲДЁ органи томонидан чет элда туғилган, лекин туғилиши ўша давлатларда қайд этилмаган боланинг туғилишини қайд этишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади.

  • боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома;
  • боланинг соғлиғи тўғрисида яшаш жойидаги тиббий муассаса маълумотномаси;
  • боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома (бола таълим олаётган бўлса);
  • тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома.

Туғилганликни белгиланган муддатидан ўтказиб қайд этиш

16 ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза ва қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • боланинг туғилганлиги ҳақида тиббий маълумотнома;
  • боланинг соғлиғи тўғрисида маълумотнома;
  • боланинг таълим олаётганлиги тўғрисида маълумотнома (бола таълим олаётган бўлса);
  • тегишли ФҲДЁ архивидан ушбу болага нисбатан туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотнома.

16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.

Туғилишни қайд этганлик учун тўлов ундирилади. 

Туғилганлик ҳақида гувоҳномалар берганлик учун БҲМнинг 10 фоизи.                  

Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома ва маълумотномалар бериш

Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви:

  • қайд этилган тегишли шахснинг ўзига;
  • унинг ота-оналарига;
  • бошқа шахсларга (ишончнома асосида) берилади.

Вафот этган шахсга нисбатан туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома берилмайди. Зарур ҳолларда, вафот этган шахснинг туғилганлиги ҳақида маълумотнома берилиши мумкин.


Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун БҲМнинг 15 фоизи давлат божи ундирилади.

Chat