Эски шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш улар берилган муддатдан қатъий назар амалга оширилади, бунда:
- 01.10.2017 йилдан 31.12.2018 йилгача – ихтиёрий равишда алмаштирилади;
- 01.01.2019 йилдан 31.12.2021 йилгача – мажбурий тартибда алмаштирилади.
Эски шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар Давлат хизматлари марказларида амалга оширилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади
- паспорт (нусхаси олиниб асли қайтарилади);
- эски шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони;
- давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи квитанция.
Ариза ҳамда тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб олингандан сўнг навбат билан расмга тушиб, планшет орқали ҳужжатга имзо қўйиб, янги гувоҳнома чоп этилиши кутиб турилади (ушбу жараёнга 5 дақиқа вақт сарфланади).
Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
2022 йил 1 январдан бошлаб эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намуналарига алмаштиришда қуйидаги ҳужжатлар қўшимча равишда талаб этилади
1. Ҳайдовчининг имтиҳон варақаси (миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини берган ҳудудий ЙҲХБ тасдиқномаси);
2. Белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома;
3. Автомототранспорт воситаларини 12 ой мобайнида бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжат:
- ишлаётган ҳайдовчилар учун меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки ишлаётган жойида унга бириктирилган автомототранспорт тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма);
- шахсий автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари учун уларга тегишли бўлган автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси;
- ишончнома ёки ижара шартномаси билан автомототранспорт воситасини бошқарган шахслар учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси.