Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15901 марта ўқилди

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқаролар пенсия тўловлари олувчи сифатида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади.

Фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бир йўла тўла ҳажмда тўланади.

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчининг яшаш жойидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими берадиган жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома бундай тўловларни олиш учун асос бўлади.

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани бериш сўралган аризани фуқаролар иш берувчи орқали (мажбурий иштирокчилар), бевосита яшаш жойларидаги (ихтиёрий иштирокчилар) Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига берадилар.

Гувоҳнома ариза келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан берилади.

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишда танлаш ҳуқуқи

Тўловларни олувчилар ўзлари мустақил равишда белгилайдиган муддат мобайнида ҳар ойлик жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олишни ёки жамғариб бориладиган пенсия тўловларини бир йўла олишни танлаш ҳуқуқига эга.

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини тўлаш
  • Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари гувоҳнома асосида бундай тўловларни олувчининг яшаш жойидаги Халқ банки филиали томонидан тўланади.
  • Жамғариб бориладиган пенсия тўловлари уларни олиш учун мурожаат этилган ойдан кейинги ойдан эътиборан, лекин бундай тўловларни олувчида давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келгач, тўланади.
  • Бундай тўловларни олувчилар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидан маблағларни қонунчиликка мувофиқ берилган ҳужжатлар асосида ишончли шахслар орқали олишлари мумкин.

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидан тўловларни белгиланган тартибда олиш;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жамғармаларининг ҳолати тўғрисида, шунингдек шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларга ҳисоблаб чиқарилган фоизлар ҳақида ахборот олиш;
  • шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жамғармаларини қонунчиликка мувофиқ васият қилиб қолдириш;
  • Жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчи Халқ банкининг мазкур тўловчи олдидаги мажбуриятларини бажаришига таъсир қилувчи ўзгаришлар тўғрисида Халқ банки филиалига хабар қилиши шарт.

Тўлов жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тўхтатиб қўйилганда ёки у тўланмаганда ёхуд тўлов тартиби ва унинг миқдори бўйича низоли масалалар пайдо бўлганда олувчи туман (шаҳар) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига, унинг юқори ташкилотига, Халқ банкининг ҳудудий бошқармасига ва бошқарувига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобрақамидаги маблағлар ҳақида мобил алоқаси орқали маълумот берувчи “SMS-xabarnoma” хизматига уланиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ҳаётий мисол:

Савол: З. исмли шахс фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақамида тўпланган пул маблағларини олиш ҳуқуқи қачон вужудга келиши ва қандай ҳолларда ушбу жамғарилган маблағни бир йўла тўла ҳажмда олиш мумкинлигини тушунтиришни сўради.

Жавоб: Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқаролар пенсия тўловлари олувчи сифатида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонунчиликка мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, қуйидаги ҳолларда фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тўловларини бир йўла тўла ҳажмда олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Яъни, фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади.

Шунингдек, фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бир йўла тўла ҳажмда тўланади.

Chat