Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 50978 марта ўқилди

Бола 1-синфга неча ёшда қабул қилинади?

Умумтаълим мактабининг 1-синфига бола 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Давлат хизмати бепул кўрсатилади ва ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.

Микроҳудуд — муайян давлат умумтаълим мактабига бириктирилган ҳудуд.

Ариза қачон ва қаерга берилади?

Ота-она ёки қонуний вакил ҳар йили 20 июндан 31 июлга қадар:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон хизматлар портали орқали рўйхатдан ўтиб, сўровномани тўлдиради.

Давлат хизмати электрон тарзда кўрсатилмайдиган ҳудудларда қабул ҳақидаги маълумотлар белгиланган тартибда вазирлик тизимига киритилади.

Бола қайси мактабга қабул қилинади?

Бола доимий яшаш ва амалда истиқомат қилиш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга қабул қилинади.

Турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтган оила фарзандлари 1 августдан кейин микроҳудуддан ташқари мактаблардаги бўш ўринларга қабул қилинади.

Агар микроҳудудда танланган таълим тилида синф бўлмаса, шу тилда таълим бериладиган яқин мактаб бириктирилади.

Мактабга қандай борилади?

Электрон сўровнома қабул қилингач, ариза берувчи боласи билан бирга онлайн навбатда белгиланган вақтда мактабга боради ва боланинг соғлиғи ҳақидаги тиббий маълумотномани тақдим этади.

Қабул комиссияси болани қабул қилиш ёки асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида бир иш куни ичида қарор қабул қилади.

Микроҳудуддан ташқари мактабга қабул қилиш мумкинми?

1 августдан кейин микроҳудуд бўйича қабул якунлангач, бўш ўринлар мавжуд мактабларга электрон тарзда мурожаат қилиш мумкин.

Мактаб қабул ёки рад этиш ҳақида бир иш куни ичида қарор қабул қилади. Қабул қилинган боланинг тиббий маълумотномаси уч иш куни ичида янги мактабга топширилади.

Қайси ҳолларда қабул рад этилади?

Қабул қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

  • тиббий маълумотномада умумтаълим мактабида ўқиш тавсия этилмаган бўлса;
  • бошқа тилда таълим бериладиган синф танланиб, бола шу тилда бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса;
  • сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилса.

Бошқа асослар бўйича қабулни рад этишга йўл қўйилмайди. Камчиликлар бартараф этилгандан кейин қайта мурожаат қилиш мумкин.

Chat