Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 24164 марта ўқилди

Кимлар бепул режали ёрдам олиши мумкин?

Давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда 2026 йил 1 июлдан туман (шаҳар) ва ҳудудий даражада режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида давлат ҳисобидан олиш тартиби қўлланилади.

Белгиланган шартларга мувофиқ, жумладан:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилари;
  • меҳнат стажини ҳисоблаш учун белгиланган миқдорда солиқ тўлаган шахслар;
  • вояга етмаганлар;
  • таълим ташкилотларида таҳсил олаётганлар;
  • ҳомиладор аёллар;
  • 2 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган шахслар;
  • расман ишсиз сифатида рўйхатдан ўтганлар;
  • давлат пенсиясини олувчилар;
  • Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари белгиланган тартибда режали стационар тиббий ёрдамдан бепул фойдаланиши мумкин.

Йўлланма қандай олинади?

Бемор биринчи навбатда оилавий шифокорга мурожаат қилади. Тиббий кўрсатма бўлса, у тор мутахассисга ёки тегишли тиббий муассасага электрон йўлланма беради.

Касалликнинг тури ва оғирлигига қараб бемор қайси — туман, вилоят ёки бошқа даражадаги тиббиёт муассасасида даволаниши зарурлиги белгиланади. Зарур ҳолларда масала тиббий-танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Электрон навбат қандай ишлайди?

Тиббий кўрсатма тасдиқлангач, бемор электрон йўлланма ва электрон навбат асосида тегишли стационарга жойлаштирилади.

Имтиёзли беморга унинг ташхиси бўйича Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тегишли давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлаш имконияти берилади.

Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар бундан мустасно: бундай вазиятда аввалдан электрон йўлланма олиш талаб этилмайди.

Эслатма: режали тиббий ёрдам учун белгиланган йўлланмасиз юқори даражадаги тиббиёт муассасасига бевосита мурожаат қилинса, хизмат давлат ҳисобидан эмас, пулли асосда кўрсатилиши мумкин.

Chat