Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37660 марта ўқилди

Ким имтиёзли тиббий ёрдам олиши мумкин?

Давлат бюджети ҳисобидан ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи фуқаронинг ижтимоий мақоми ёки муайян касалликка эга экани, шунингдек тиббий кўрсатмалар мавжудлиги асосида белгиланади.

Бунда ҳар қандай ташхис автоматик равишда бепул даволаниш ҳуқуқини бермайди. Касаллик тегишли тасдиқланган рўйхатга кирган ва беморда белгиланган тиббий мезонлар мавжуд бўлиши керак.

Ихтисослаштирилган муассасага қандай борилади?

Бемор, одатда, аввал бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилади.

Тиббий кўрсатма бўлса:

  1. оилавий шифокор беморни тегишли мутахассисга юборади;
  2. зарур ҳолда тиббий-танлов комиссияси хулосаси олинади;
  3. беморга электрон йўлланма расмийлаштирилади;
  4. даволаниш электрон навбат асосида ташкил этилади.

Тиббиёт ташкилотини танлаш мумкинми?

Имтиёзли бемор ёки унинг қонуний вакили электрон йўлланма асосида ўз ташхиси бўйича хизмат кўрсатувчи ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлаши мумкин.

Бироқ йўлланмада тиббий ёрдамнинг муайян даражаси белгиланган бўлса, бемор ўз хоҳиши билан юқорироқ даражадаги муассасада давлат ҳисобидан даволанишни талаб қила олмайди.

Шошилинч ёки кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ушбу чеклов қўлланилмайди.

Йўлланмасиз мурожаат қилинса нима бўлади?

Режали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам учун зарур электрон йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат қилинганда хизмат пулли асосда кўрсатилиши мумкин.

Давлат бюджети ҳисобидан имтиёзли тартибда даволанадиган касалликлар амалдаги махсус рўйхат асосида аниқланади.

Chat