Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20822 марта ўқилди

Дори воситалари қандай берилади?

Дори воситалари аҳолига дорихоналар ва уларнинг филиаллари орқали чакана реализация қилинади.

Дори воситалари:

  • шифокор рецепти бўйича, шу жумладан электрон рецепт асосида;
  • рецептсиз берилиши рухсат этилган бўлса — рецептсиз сотилади.

Электрон рецепт ахборот тизимида шакллантирилади. У бўйича дори берилганда тегишли маълумотлар дори воситалари ҳаракатини назорат қилувчи ахборот тизимида қайд этилади.

Қоғоз рецепт бўйича дори берилганда нима бўлади?

Бемор рецептда кўрсатилган дори воситасини тўлиқ миқдорда олганидан кейин рецептга унинг бажарилганини билдирувчи белги қўйилади ва рецепт дорихонада сақланади.

Рецептнинг беморга тегишли қисми унга қайтарилади. Бу дори воситасини қандай қабул қилиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни сақлаб қолиш имконини беради.

Нотўғри расмийлаштирилган ёки ўзаро номувофиқ дори воситалари кўрсатилган рецепт қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин.

Дорини интернет орқали сотиб олиш мумкинми?

Электрон тижорат орқали рецептсиз бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни чакана реализация қилишга рухсат этилади. Бунда уларни сақлаш, ташиш ва истеъмолчига етказишда белгиланган хавфсизлик талабларига риоя қилиниши шарт.

Рецепт асосида бериладиган дори воситалари учун эса белгиланган рецепт тартиби сақланади.

Сотиб олинган дорини қайтариш мумкинми?

Дорихонадан сотиб олинган сифатли дори воситалари ва тиббий жиҳозлар, қоида тариқасида, қайтариб олинмайди ва бошқа товарга алмаштирилмайди.

Бироқ дорихона ходими шифокор ёзган рецептга мос келмайдиган дори воситасини берган бўлса, бундай дори қайтарилиши лозим.

Эслатма: рецептда кўрсатилган дори номи, дозаси ва шаклини дорихонадан чиқишдан олдин текшириш мақсадга мувофиқ.

Chat