Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 81728 марта ўқилди

Фоторадар (камера) орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолати қайд этилганда
  • маъмурий баённома расмийлаштирилмайди;
  • ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз махсус шаклда жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади;
  • ҳуқуқбузарнинг талонига белги қўйилмайди;
  • транспорт кимнинг бошқарувида бўлишидан қатъий назар маъмурий жавобгарликка унинг мулкдори (юридик шахс бўлса, фойдаланиш учун масъул бўлган шахс) тортилади;
  • чиқарилган қарор 3 кун ичида буюртма почта орқали ҳуқуқбузарга юборилади;
  • қарордан норози бўлганлар, қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига шикоят бериш мумкин;
  • жарима ҳуқуқбузарга қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида тўланиши лозим (жарима ўз вақтида тўланмаса қарор ҳуқуқбузарнинг иш жойи, ўқиш жойи, Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими, Мажбурий ижро бюросига юборилади);
  • жарима махсус мобил иловлар орқали онлайн тарзда тўланиши мумкин.


Транспорт воситаларининг оқими ва йўл шароитини ҳисобга олган ҳолда, кўчма фоторадар ва мобиль комплекслар бириктирилган ЙПХ ходимлари томонидан уларнинг кунлик дислокацияси белгиланган ва махсус мосламалардан тегишли тартибда фойдаланиш чоралари кўрилган бўлиши лозим.
Кўчма фоторадар ва мобиль комплексларни қўллаш жойи ва вақти ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокацияга мувофиқ белгиланади.


  • Рухсат этилмаган, сертификатга эга бўлмаган, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган махсус мосламалардан фойдаланиш тақиқланади.
  • Бунда рухсат этилмаган, сертификатга эга бўлмаган, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган тезликни ўлчаш воситалари асосида расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.

Муҳим!!!

«Радар». Йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси. Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт.
Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади.

Chat