Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 46349 марта ўқилди

Ўзбекистондан чиқиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Чет эл фуқароси Ўзбекистондан давлат чегарасидаги белгиланган ўтказиш пунктлари орқали:

  • амалдаги миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати;
  • амалдаги виза ёки визасиз бўлиш ҳуқуқи;
  • зарур бўлса, чиқиш ёки транзит визаси

асосида чиқиб кетади.

Шахс Ўзбекистонда бўлиш учун берилган муддат тугамасдан мамлакатдан чиқиб кетиши керак.

Виза муддати ўтиб кетган бўлса нима қилиш керак?

Чиқиш визаси — EXIT — кириш визасининг амал қилиш муддатини ўтказиб юборган чет эл фуқаросининг Ўзбекистондан чиқиб кетиши учун бериладиган виза.

Чиқиш визаси ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари томонидан 1 ойгача муддатга расмийлаштирилиши мумкин.

Виза ёки визасиз бўлиш муддатининг ўтказиб юборилиши қонунчиликда белгиланган жавобгарликни истисно қилмайди.

16 ёшга тўлган боланинг чиқиши

Агар визасиз кирган хорижий бола Ўзбекистонда турган вақтида 16 ёшга тўлса, унга чиқиш визаси ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади.

Транзитда мажбурий тўхташ юз берса

Ўзбекистон ҳудудида 24 соатдан ошмаган муддатга мажбурий тўхтаган чет эл фуқаросига транзит визасини узайтирмасдан мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берилиши мумкин.

Транзит йўловчи белгиланган ҳаракат йўналишини ёки Ўзбекистондан чиқиш чегара пунктини ўзгартирмоқчи бўлса, ички ишлар органларининг рухсатини олиши шарт.

Ўзбекистондан чиқиш қачон чекланиши мумкин?

Чет эл фуқаросининг мамлакатдан чиқишига қуйидаги ҳолларда вақтинча рухсат берилмаслиги мумкин:

  • унинг чиқиши давлат хавфсизлиги манфаатларига зид бўлганда;
  • доимий яшаш учун чет элга кетишига тўсқинлик қилувчи шартнома ёки контракт мажбуриятлари мавжуд бўлганда;
  • шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда;
  • у жиноят содир этганлиги учун жазога ҳукм қилинганда;
  • суд юклаган мажбуриятларни бажаришдан бош тортганда;
  • ўзи ҳақида қасддан сохта маълумот берганда;
  • судда унга нисбатан фуқаролик даъвоси қўзғатилганда.

Чеклов тегишли асос бартараф этилгунига, иш ёки суд жараёни якунлангунига ёхуд мажбурият тўлиқ бажарилгунига қадар амал қилади.

Чиқиш рад этилса шикоят қилиш мумкинми?

Чиқиш ҳуқуқининг чеклангани ёки мурожаатга белгиланган муддатда жавоб берилмагани устидан юқори турувчи органга шикоят қилиш мумкин.

Юқори турувчи орган шикоятга бир ойдан кечиктирмай жавоб бериши керак. Қарордан норози шахс судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Доимий яшаш учун чиқиб кетишга тўсқинлик қилувчи шартнома ёки контракт мажбуриятлари билан боғлиқ чеклов бўйича алоҳида қоида белгиланган.

Chat