Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2406 марта ўқилди

Газ ҳиди сезилганда

Газ ҳиди сезилса:

  • газ жиҳозларини ўчириш;
  • имкони бўлса газ жўмрагини ёпиш;
  • эшик ва деразаларни очиш;
  • одамларни хавфли жойдан олиб чиқиш;
  • хавфсиз жойдан 104 ёки 112 рақамига қўнғироқ қилиш керак.

Муҳим: газ ҳиди мавжуд хонада электр чироғи ёки жиҳозини ёқиш ва ўчириш, телефондан фойдаланиш, чекиш, гугурт ёқиш ва очиқ оловдан фойдаланиш мумкин эмас.

Газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш

Истеъмолчи:

  • фақат сертификатланган газ ускуналаридан фойдаланиши;
  • газ плитасидан хонани иситиш учун фойдаланмаслиги;
  • ишлаб турган ускунани назоратсиз қолдирмаслиги;
  • дудбурон ва шамоллатиш йўлларини беркитмаслиги;
  • газ қувури ва ускуналарини ўзбошимчалик билан таъмирламаслиги;
  • газ сизиб чиқишини очиқ олов билан текширмаслиги керак.

Газ плитаси икки йилда бир марта, бошқа газ ускуналари эса буюртма асосида йилига бир марта техник кўрикдан ўтказилади.

Ҳисоб ва тўловни текшириш

Истеъмолчи шахсий кабинет орқали:

  • газ истеъмоли;
  • ҳисоблагич кўрсаткичлари;
  • амалга оширилган тўловлар;
  • аванс қолдиғи;
  • қарздорлик ҳолатини текшириши мумкин.

Газ таъминоти ташкилоти шахсий кабинетдан фойдаланиш имконини бепул тақдим этади. Ариза бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотнома икки иш кунида бепул берилади.

Базавий меъёр

Аҳоли учун ойлик базавий меъёр:

  • иситиш мавсумида — 500 куб метр;
  • бошқа мавсумда — 100 куб метр.

Базавий меъёрдан ортиқ истеъмол учун оширилган тариф босқичлари қўлланилади. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қонунчиликда белгиланган тартибда тарифлар фарқи учун компенсация берилиши мумкин.

Текширув вақтида нималарга эътибор бериш керак

Ваколатли ходим:

  • хизмат гувоҳномасини кўрсатиши;
  • текширувни, авария ҳолатларидан ташқари, соат 08:00 дан 20:00 гача амалга ошириши;
  • аниқланган ҳолатни далолатномада қайд этиши;
  • далолатноманинг бир нусхасини истеъмолчига бериши керак.

Истеъмолчи далолатномадаги маълумотларга рози бўлмаса, ўз эътирозини ва тушунтиришини ҳужжатнинг ўзида ёзиб қолдириши лозим.

Мурожаат қилиш

Газ таъминоти ва ҳисоб-китоб бўйича:

  • ҳудудий газ таъминоти ташкилотига;
  • «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг 1104 қисқа рақамига;
  • юқори турувчи ташкилотга;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органига;
  • зарур ҳолда судга мурожаат қилиш мумкин.

Газдан фойдаланиш ва ҳисоб-китобнинг асосий талаблари Вазирлар Маҳкамасининг 319-сон қарорида, базавий меъёрлар эса 204-сон қарорда белгиланган.

Chat