Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4138 марта ўқилди

18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўз хоҳиш-истагига кўра кўрсатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш, уни тиклаш ёки ундан чиқиш тўғрисидаги илтимоснома Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойидаги ички ишлар органига, хорижда яшаётган шахс томонидан эса консуллик муассасасига шахсан такдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқишда тақдим этиладиган ҳужжатлар:
  • ўрнатилган шаклдаги илтимоснома;
  • ўрнатилган шаклдаги сўровнома;
  • паспорт (ID карта) нусхаси;
  • никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);
  • аризада бола кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва (мавжуд бўлса) паспорти (картаси). Бундай ҳолларда боланинг отаси ёки онаси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини сақлаб қолаётган бўлса, унинг нотариал тартибда тасдиқланган розилиги талаб этилади;
  • 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги ёзма розилиги;
  • давлат божи (консуллик йиғими) тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Агар ариза берувчининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган эри (хотини), ота-онаси, шунингдек, унинг қарамоғидаги шахслар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаса, ариза берувчи ушбу шахсларнинг ариза берувчига нисбатан мулкий эътирозлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги нотариал тартибда тасдиқланган аризаларини тақдим этиши шарт.

Агар тегишли ҳолатлар мавжуд бўлса, ота-онанинг, турмуш ўртоғининг розилиги ўрнига ариза берувчидан ёки тегишли органдан:

  • вафот этганлиги ҳақида гувоҳнома, агар кўрсатилган шахслар вафот этган бўлса;
  • кўрсатилган шахсларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинганлиги, муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилганлиги ёхуд фуқарони вафот этган деб эълон қилинганлиги ҳақидаги қонуний кучга кирган суд қарори;
  • ёлғиз ота ёки она эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ваколатли орган томонидан сўраб олинади.

Илтимосномани қабул қилган масъул ходим 3 иш куни ичида илова қилинган ҳужжатлар тўлиқлигини ва тўғри расмийлаштирилганлигини ўрганиб чиқади ва сўровномага ўзининг лавозимини кўрсатган ҳолда имзо қўяди.

Chat