Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10690 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммолар ўрганиш ва методологик таъминлаш учун масъул орган этиб белгиланди.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб янги тартиб ўрнатилмоқда.

Унга кўра:

юридик ва жисмоний шахслар — аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчилар ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун масъул ҳисобланади;

ободонлаштириладиган ҳудуднинг майдони маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади. Бунда бириктирилган ҳудуд майдони тегишли ер участкаси майдонидан катта бўлиши мумкин эмас;

бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ишлари бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар томонидан белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг ташқи кўринишига қўйиладиган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб, янги тартиб жорий этилмоқда:

шаҳар кўчаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари параметрларида ушбу кўчаларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш (ирригация тармоқлари, ёритиш элементлари, кўкаламзорлаштириш, йўлаклар, ахлат қутилари, кичик меъморий шакллар ва бошқалар) бўйича комплекс тадбирлар мажбурий тартибда назарда тутилади;

йўл қатлами ва ободонлаштиришнинг бошқа объектлари остида жойлашган ер ости муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш қўшма графиклар асосида ободонлаштириш объектларида лойиҳа ва пудрат ишлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда амалга оширилади;

янги қурилган объектларни, реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган бинолар ёки иншоотларни туташ ҳудудларни ободонлаштирмасдан туриб фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

Қуйидаги имкониятларни берувчи «Обод ҳудуд» ахборот тизими яратилмоқда:
  • фуқаролар томонидан ободонлаштириш соҳасидаги мавжуд муаммолар бўйича мурожаатлар юбориш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, улар учун қайта алоқани, шу жумладан бажарилган иш натижаларини «аввал» ва «кейин» форматида таққослаш имкониятини таъминлаш;
  • аҳоли билан ҳамкорликда ободонлаштириш ишларини режалаштириш, бунда мавжуд моддий ресурслар ва инфратузилма имкониятларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олиш;
  • фуқаролар билан ҳудудларни ободонлаштириш ҳолати тўғрисида ахборот алмашиш, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш объектлари бўйича таклифларни йўналтириш орқали уларни ободонлаштириш лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш;
  • ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатидан келиб чиқиб ҳудудлар рейтингини белгилаш;
  • махсус онлайн-майдончада лойиҳалаштириш ва ободонлаштириш бўйича йўриқномалар ва қўлланмалар, ҳудудларни ободонлаштиришнинг намунавий лойиҳалари, шунингдек, стандартлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини жойлаштириш.

Камчиликлар тўғрисида хабар бериш бўйича махсус телеграм-бот:

Бош прокуратура томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида махсус телеграм-бот дастури (@obod_mahalla_dasturi_bot) ишлаб чиқилди. 

Бош прокуратура мазкур бот ислоҳотлар муваффақиятли кўп жиҳатдан ҳар бир туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллада жамоатчилик, яъни, халқ назоратининг қай даражада йўлга қўйилганига ҳам боғлиқ экани билан изоҳлади.

Шу боис, ушбу дастурлар доирасидаги ишларнинг барча босқичларини онлайн кузатиб бориш имконини берувчи электрон дастур ишга туширилиб, дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида махсус телеграм-бот (@obod_mahalla_dasturi_bot) дастури ҳам ишлаб чиқилган. 

“Агар Сиз яшаётган ҳудудда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилаётган бино-иншоотларда камчиликларни пайқасангиз, қурилиш ишларининг сифатсиз олиб борилаётгани ёки тўхтаб қолганининг гувоҳи бўлсангиз, асл ҳолатни суратга олинг ва махсус телеграмм-ботга жойлаштиринг”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Бунинг учун мавжуд камчиликни суратга оласиз ва махсус телеграмм-ботга кириб, объект жойлашган ҳудудни белгилаб, “Юбориш” тугмасини босиш керак.  

Электрон дастур “Ишчи гуруҳ”ни автоматик тарзда қизил белги билан келиб тушган мурожаат ҳақида хабардор қилади. 

Сўнгра “Ишчи гуруҳ” томонидан мавжуд салбий ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилади.  

Chat