Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 61779 марта ўқилди

Ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор

Тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари, иштирокчилари ёки ваколатли органи томонидан қабул қилинади.

Қарорда, одатда:

  • тугатилаётган ташкилот тўғрисидаги маълумотлар;
  • тугатувчи ёки тугатиш комиссияси;
  • тугатиш сабаби ва муддати;
  • кредиторлар талабларини қабул қилиш жойи ва тартиби кўрсатилади.

Тугатувчи тайинланган пайтдан бошлаб ташкилот ишларини бошқариш ваколати унга ўтади.

Рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиш

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарорига мувофиқ, тугатувчи қарор қабул қилинганидан кейинги иш кунидан кечиктирмай унинг нусхасини рўйхатдан ўтказувчи органга шахсан ёки интернет орқали тақдим этади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган маълумотни автоматлаштирилган тизимга киритади, тегишли давлат органлари ва ташкилотларини электрон тарзда хабардор қилади ҳамда ташкилот тугатилаётганлиги ҳақида расмий эълон жойлаштиради.

Кредиторларни хабардор қилиш

Эълонда кредиторларнинг талабларини қабул қилиш муддати кўрсатилади. Бу муддат эълон чиққан кундан бошлаб икки ойдан кам бўлиши мумкин эмас.

Тугатувчи:

  • ташкилотнинг мол-мулки ва мажбуриятларини хатловдан ўтказади;
  • дебиторлик қарзларини ундириш чораларини кўради;
  • кредиторлар талабларини қабул қилади;
  • ходимлар билан меҳнат муносабатларини қонунчилик асосида тугатади;
  • солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Тугатиш баланслари ва ҳисоб-китоблар

Кредиторлар талабларини қабул қилиш муддати тугагач, солиқ текшируви натижалари ва ижро ҳужжатлари ҳисобга олиниб оралиқ тугатиш баланси тузилади. Баланс муассислар ёки иштирокчилар томонидан тасдиқланади.

Кредиторларнинг эътироф этилган талаблари қонунчиликда белгиланган навбат асосида қаноатлантирилади. Қарзлар тўланиб, ҳисоб-китоблар якунлангандан кейин якуний тугатиш баланси тузилади.

Тугатувчи банк ҳисобварақларини ёпади, сақланиши шарт бўлган бухгалтерия, кадрлар ва бошқа ҳужжатларни давлат архивига топширади.

Ташкилотнинг ҳисобварақлари хатланган ёки 2-сон картотека бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, қарз ва хатлов бартараф этилмагунча ҳисобварақни ёпиш мумкин эмас.

Давлат реестридан чиқариш

Барча талаблар бажарилгандан кейин рўйхатдан ўтказувчи орган ҳужжатларни электрон тизим орқали текширади ва ташкилот тугатилганлиги ҳақида давлат реестрига ёзув киритади.

Тижорат ташкилотини ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган хабардор қилинган кундан бошлаб 6 ойдан ошмаслиги керак.

Белгиланган муддатда зарур ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса, ихтиёрий тугатиш жараёни тўхтатилиши ва ташкилотнинг фаолияти тикланиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд ташкилотга ихтиёрий тугатишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланмайди. Бундай ҳолатда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этилади.

Chat