Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 125538 марта ўқилди

Пенсия миқдори қандай ҳисобланади?

Пенсиянинг таянч миқдори — пенсия турига қараб қонунчиликда белгиланган фоиз асосида ҳисобланадиган асосий миқдор.

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — пенсиялар, устамалар ва қўшимча тўловларни ҳисоблашда қўлланиладиган белгиланган миқдор.

Пенсия миқдори фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақига боғлиқ бўлиб, қуйидагилардан таркиб топади:

  • пенсиянинг таянч миқдори;
  • белгиланган талабдан ортиқ иш стажи учун пенсиянинг оширилиши;
  • қонунчиликда назарда тутилган устама ҳақлар.

Пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас.

Қайси даврдаги иш ҳақи ҳисобга олинади?

Пенсияни ҳисоблаш учун фуқаронинг меҳнат фаолиятидаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги кетма-кет беш йил иш ҳақи олинади.

Охирги ўн йилдаги кетма-кет беш йил учун иш ҳақининг энг юқори миқдори ахборот тизимидаги ёки фуқаро тақдим этган маълумотлар асосида автоматик аниқланади.

Ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган 60 календарь ой учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини 60 га бўлиш орқали аниқланади.

Агар фуқаро беш йилдан кам ишлаган бўлса, ўртача ойлик иш ҳақи ишланган календарь ойлар учун иш ҳақининг умумий миқдорини шу ойлар сонига бўлиш орқали ҳисобланади.

Пенсия қачон қайта ҳисобланади?

Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • пенсия ҳужжатлар йиғмажилдида мавжуд бўлмаган, иш стажи ёки иш ҳақига оид қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши;
  • ногиронлик гуруҳининг ўзгариши;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сонининг ўзгариши;
  • устама ҳақ олиш ҳуқуқи пайдо бўлиши;
  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ўзгариши;
  • даромадларни индексация қилиш.

Пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза пенсионернинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг туман ёки шаҳар бўлимига берилади.

Ариза беш кун ичида кўриб чиқилади.

Қачон ариза бериш талаб қилинмайди?

Қуйидаги ҳолларда пенсия автоматик қайта ҳисобланади:

  • пенсияни ҳисоблаш тартиби ёки базавий миқдор ўзгарганда;
  • тайинланган пенсия миқдорини камайтирувчи ҳолатлар юзага келганда;
  • ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;
  • I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.
Chat