Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16587 марта ўқилди

Савол: Д. исмли шахс хотини билан беш ойдан буён биргаликда яшамаётгани, лекин хотини ҳозирда ҳомиладор эканлиги, шундай ҳолатда у судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризаси бериши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўради.

Жавоб: Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Шу сабабли, бундай даъво аризасини қабул қилиш суд томонидан рад қилинади.

Савол: К. исмли шахс суд орқали хотини билан ажрашгани, ўрталарида 2 нафар фарзандлари борлиги, лекин хотини фарзандлари билан кўришишга тўсқинлик қилиб келаётганини маълум қилиб, фарзандлари билан кўришишга ҳуқуқи бор ёки йўқлигини, агар бунга хотини йўл қўймаган тақдирда, қандай йўл тутиши кераклигини сўради.

Жавоб: Боладан алоҳида яшаётган ота бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

К. исмли шахс собиқ хотини билан ўзининг оталик ҳуқуқларини амалга ошириш, шу жумладан фарзандлари билан кўришиш  тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузиши мумкин. Агар улар келиша олмасалар, низо фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади.

Савол: Т. исмли шахс суд тартибида фарзандларига нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилингани, лекин ҳозирда хотини шу фарзандларига нисбатан моддий таъминотни амалга оширишни талаб қилаётганини маълум қилиб, хотининг талаби асосли ёки асоссиз эканлиги юзасидан тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Қонунчиликка кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Шу сабабли, Т. исмли шахс гарчи у оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлсада, фарзандига нисбатан моддий таъминот бериш мажбуриятига эга.

Савол: М. исмли аёл турмушидан ажрашгани ва ҳозирда қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, собиқ турмуш ўртоғи 2 йил олдин узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилингани учун ундан фарзандлари таъминоти учун етарли миқдорда алимент ундириш имкониятига эга эмаслиги ҳақида маълум қилиб, фарзандларининг бобосидан алимент ундириш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги юзасидан ҳуқуқий  тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти суд томонидан етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин.

Савол: Б. исмли шахс хотини билан ажрашмоқчи эканлиги, тўйни ўтказишда ҳар иккала тарафнинг барча харажатлари ўзи томонидан қилингани ҳақида баён қилиб, эр-хотин никоҳдан ажратилаётганда уларнинг тўйини ўтказишга кетган сарф-харажатлар қандай тартибда ундирилиши юзасидан ҳуқуқий  тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

Chat