Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10613 марта ўқилди

Савол: Ф. исмли аёл дўкондан фарзанди учун туфли сотиб олгани, уйига бориб уни фарзандига кийдирганида, туфлининг ўлчами кичикроқ келгани, дўконга қайтиб бориб, уни каттароқ ўлчамдаги бошқа туфлига алмаштириб беришни сўраганида, дўкон сотувчиси сотилган товарлар қайтариб олинмаслигини маълум қилгани ҳақида баён қилиб, истеъмолчи сифатида бундай ҳолатда қандай йўл тутиши лозимлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

Демак, Ф. исмли аёлнинг туфлини алмаштириш тўғрисидаги талаби, агар туфли кийилиши натижасида унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, ёрлиқлари бузилмаган бўлса, шунингдек туфлини ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлса қондирилиши керак.

Савол: Т. исмли шахс дорихонага кирганида у ерда “Сотилган дори воситалари қайтариб олинмайди!” деган ёзув осиғлиқ турганини кўргани, шунда дорихона сотувчисидан “агарда сотиб олинган дори воситаси сифатсиз бўлган тақдирда ҳам у қайтариб олинмайдими?” деган савол билан мурожаат қилганида, дорихона сотувчиси бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортгани ҳақида маълум қилиб, сотилган сифатсиз дори воситаси қайтариб олиниши ёки олинмаслиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари билан тасдиқланган рўйхатга кўра, сотиб олинган зарур сифатдаги дори воситалари қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, дорихонадаги “Сотилган дори воситалари қайтариб олинмайди!” деган ёзув “унинг нуқсони бўлсаям” деган маънони ҳам билдиради. Қонун эса, нуқсонли товар сотилган истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Савол: Д. исмли шахс автосалондан яқинда сотиб олган “Кобальт” русумли автомашинасининг салонида, бошқарув ва иситиш тизимида бир нечта техник нуқсонлар мавжудлиги ҳақида маълум қилиб, қандай ҳолларда автомашина айни шундай русумли бошқа автомашинага алмаштирилиши ва уни алмаштириш ҳақидаги талаби қанча муддат ичида бажарилиши лозимлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Янги автомашинани кафолат муддати мобайнида алмаштириш, кузов ёки камида иккита агрегатни алмаштириш зарур бўлган тақдирда, эксперт комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.

Нуқсонлари бўлган автомашинани сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан алмаштириш 7 кун муддатда (агар талаб берилган пайтда шунга ўхшаш автомашина бор бўлса), сифатни қўшимча равишда текшириш зарур бўлганда эса автомашина эгаси томонидан талаб берилган кундан бошлаб 20 кун ичида амалга оширилади. Автомашинани алмаштириш муддатлари эксперт комиссияси қарори қабул қилинган санадан бошлаб ҳисобланади.

Шунга ўхшаш автомашина мавжуд бўлмаганда сотиб олувчининг нуқсонли автомашинани алмаштириш тўғрисидаги талаби эътироз берилган пайтдан бошлаб бир ой ичида қондирилиши керак.

Савол: Ш. исмли аёл мебель дўконидан қизининг тўйи учун мебель тўплами сотиб олгани, бироқ ушбу мебель тўпламининг ранги уйдаги гулқоғоз рангига мос келмагани сабабли, уни алмаштирмоқчи бўлгани, бироқ дўкон сотувчиси сотилган мебель тўпламида нуқсон мавжуд бўлмагани сабабли, уни  бошқасига алмаштиришдан бош тортгани ҳақида маълум қилиб, дўкон сотувчисининг ушбу ҳаракати қонуний ёки ноқонунийлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари билан тасдиқланган рўйхатга кўра, сотиб олинган зарур сифатдаги мебель (мебель гарнитурлари ва тўпламлари) қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари ҳисобланади.

Ш. исмли аёл дўкондан сотиб олган мебель тўпламида бирон-бир нуқсон мавжуд бўлмаганлиги сабабли, фақатгина унинг ранги уйнинг гулқоғози рангига мос келмаганлиги асос қилинган ҳолда алмаштирилмайди.

Савол: Т. исмли шахс озиқ-овқат дўконидан сотиб олган гўшт маҳсулотини уйига олиб келгач, ундан нохуш ҳид келаётганлигини сезиб қолгани ва эртаси куни кечқурун гўштни дўконга қайтариб олиб бориб, унинг пулини қайтариб беришни талаб қилганида, дўкон сотувчиси гўштни кеч қайтариб олиб келганини важ қилиб, гўштнинг пулини қайтариб бермагани ҳақида маълум қилиб, дўкон сотувчисининг ушбу ҳаракати қонуний ёки ноқонунийлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришни  сўради.

Жавоб: Ўзига зарур сифатга эга бўлмаган озиқ-овқат товари сотилган харидор харид қилингандан кейин 24 соат мобайнида нуқсонли товарга нисбатан муайян талабларни қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.

Демак, Т. исмли шахс гўшт харидини амалга оширгач 24 соат ўтганидан кейин уни дўконга қайтариб олиб борган бўлса, дўкон сотувчисининг унга нисбатан билдирган эътирози тўғри. 

Chat