Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 611554 марта ўқилди

Субсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.

Ипотека кредитига Давлат субсидиясини олишга ариза бериш.

  • Ариза берувчи — ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.
  • Даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача ва Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлган оилалар.

Субсидия олиш учун ариза бериш тартиби
  • Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
  • Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда Низомга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради.
  • Зарур ҳолларда айрим тоифадаги шахслар (Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ходимлари (ҳарбий хизматчиларидан ташқари) ва давлат ҳисобидан уй-жойлар билан таъминланмаган нафақадаги ҳарбий хизматчилар томонидан ойлик даромадлари тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига тақдим этилади.
  • Ариза берувчидан юқорида кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни ҳамда анкета-аризада қайт этилган маълумотлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосида бериши мумкин.
Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар ва марказ томонидан тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали маълумотларга аниқлик киритиш тўловларсиз (бепул) амалга оширилади.

Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза йил давомида топширилиши мумкин.             

Масъул ташкилотлар томонидан ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш тартиби

Масъул ташкилотлар 7 иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни:

  • тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини;
  • давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг (аризада «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтганлиги кўрсатилган ариза берувчи бундан мустасно) даромадларини аниқлайди.

Бунда давлат солиқ инспекциясидан ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмайди ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш бўйича комиссия котибига юборилади;

  • туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини;
  • туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими — ариза берувчининг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими эканлигини тасдиқлайди»
  • туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар тоифасига мансублигини;

Комиссия томонидан баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш тартиби
  • Комиссия котиби масъул ташкилотлар томонидан киритилган хулосаларни 3 кун ичида аризаларни навбат асосида уларнинг қайд этилиши кетма-кетлигига мувофиқ кўриб чиқиб, якуний хулоса беради.
  • Комиссия раиси котиб томонидан киритилган ижтимоий мезонлар юзасидан баҳолаш натижаларига асосан ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этишни электрон (ЭРИ орқали) шаклда тасдиқлайди.
  • Субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида комиссия электрон реестрни юритади ҳамда ушбу реестр туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида уч йил мобайнида сақланади.

  • Кўриб чиқиш якунлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида электрон тасдиқланган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган қарор тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига юборилади.
  • Ушбу хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади.
  • Бундан ташқари ЯИДХП орқали ариза берувчига «SMS» хабар юборилади.
  • ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат этилганда, комиссия томонидан субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома электрон шаклда ариза берувчига юборилади.

Ариза берувчини қуйидаги ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш (аниқлаш) subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизимида автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади:

  • ариза берувчининг «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтганлиги, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги;
  • ариза берувчининг ёш оилалар тоифасига мансублиги ва 30 ёшдан ошмаган фуқаро эканлиги;
  • ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги»;

Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади
  • а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
  • б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
  • г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;
  • д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;
  • е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:
  1. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
  2. Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.

Ипотека кредити бўйича субсидияни ҳисоблаш тартиби
  • Давлат хизматлари марказидан субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномани олган талабгор уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.
  • Сотиб олинадиган уй-жой ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган ипотека кредити миқдори тижорат банклари томонидан белгиланган тартибда ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчининг (кафилнинг) тўлов қобилиятидан келиб чиқиб аниқланади.
  • Фоиз тўловларини ҳисоблаш ажратиладиган ипотека кредити қийматига мувофиқ ҳисобланади.
  • Бунда тижорат банки томонидан ажратиладиган ипотека кредити миқдори жорий йил учун белгилаган ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошиб кетмаслиги шарт.

 

Ипотека кредитини белгиланган тартибда расмийлаштириш учун талабгор исталган иштирок этувчи тижорат банкига
  • уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномани ва уй-жойни ипотека шартлари асосида сотиб олиш бўйича қурилиш ташкилоти билан тузилган шартномани ҳамда фуқаро ўзига тегишли бўлган бадал маблағларини банкдаги ҳисобварағига жойлаштирганлиги ёки пудрат ташкилотига тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • қуриладиган ва реконструкция қилинадиган якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини ҳамда банк томонидан белгиланган бошқа ҳужжатларни;
  • ипотека кредити бўйича биргаликда қарз олувчининг (кафилнинг) тегишли маълумотларини тақдим қилади.

Иштирок этувчи тижорат банки тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан сўнг уч иш кунида қарз олувчига кредит бериш масаласини ўрганиб чиқади ҳамда аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ипотека кредитини расмийлаштириш ва субсидия тўлаб бериш тартиби
  • Сотиб олинадиган квартира бўйича талабгор томонидан тўланиши лозим бўлган бошланғич бадал тўлиқ шакллантирилгандан сўнг иштирок этувчи тижорат банки талабгор билан бир иш кунида ипотека кредити шартномасини тузади.
  • Якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш бўйича талабгор томонидан тўланиши лозим бўлган бошланғич бадал тўлиқ шакллантирилгандан сўнг иштирок этувчи тижорат банки талабгор билан бир иш кунида ипотека кредити шартномасини расмийлаштиради.
  • Талабгор томонидан сотиб олинадиган квартиранинг талабгор номига расмийлаштирилган кадастр ҳужжатлари тақдим этилгандан сўнг тижорат банки бир иш куни ичида туман (шаҳар) молия бўлимларига бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун кадастр ҳужжатларини илова қилган ҳолда субсидияни тўлашга буюртманомани юборади.
  • Туман (шаҳар) молия бўлимлари беш иш куни мобайнида ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидияни тижорат банки томонидан кўрсатилган ҳисобвараққа ўтказиб беради.

  • Бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ўтказилган кундан бошлаб ундан ўттиз кун ичида фойдаланилмаган тақдирда, иштирок этувчи тижорат банки субсидияни туман (шаҳар) ғазначилик бўлимининг тегишли ҳисобварағига қайтаради.
  • Бунда иштирок этувчи тижорат банки томонидан назарда тутилган муддат ўтгандан сўнг уч иш куни ичида ажратилган субсидия туман (шаҳар) ғазначилик бўлимининг тегишли ҳисобварағига қайтарилмаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун ушбу қайтарилмаган субсидиянинг 0,033 фоизи миқдорида пеня ҳисобланади.


Уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонлари

2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби доирасида
  • даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга Давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;
  • субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;
  • сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;
  • дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;
  • фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;
  • Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ орқали жойлаштирилади;
  • тижорат банкларига қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, унинг қарз юки кўрсаткичи, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратилган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилди.


Субсидия бўйича топ - 8 муҳим саволга жавоблар

Chat