Товламачилик — зўрлик, мол-мулкка ёки ахборот ресурсларига зарар етказиш, муайян маълумотларни ошкор қилиш каби таҳдидлар орқали ўзганинг мулкини, мулкка бўлган ҳуқуқини, мулкий манфаатни беришни ёки мулкий характердаги ҳаракатни бажаришни талаб қилишдир.
Қонун товламачиликни фақат «пул бермасанг ураман» каби бевосита жисмоний таҳдид билан чекламайди.
Жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига нисбатан:
— зўрлик ишлатиш;
— мол-мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш;
— жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш;
— уни ўзгартириш;
— эгаллаб олиш;
— тўсиб қўйиш;
— сир сақланиши лозим бўлган маълумотни ошкор қилиш;
— шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатиш билан қўрқитиш орқали мулкий талаб қўйилиши товламачилик таркибига кириши мумкин.
Шунингдек, шахсни ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш ҳам моддада назарда тутилган.
Амалдаги норма ахборот ресурсларини ҳам тўғридан-тўғри ҳимоя қилади.
Масалан, мулкий талаб қўйиб:
— аккаунт ёки ахборот ресурсини блоклаш;
— маълумотни ўчириш;
— ресурсни эгаллаб олиш;
— маълумотни ўзгартириш билан қўрқитиш қилмишнинг бошқа белгилари мавжуд бўлса, товламачилик сифатида баҳоланиши мумкин. Бу норма 2024 йил 20 апрелдан амал қилмоқда.
Эслатма: товламачилик учун таҳдид фақат жисмоний зўравонликдан иборат бўлиши шарт эмас. Ахборот ресурси, махфий маълумот ёки обрўга таъсир қилиш билан қўрқитиш ҳам мулкий талаб билан боғланган бўлса ҳуқуқий аҳамиятга эга.
Товламачиликнинг асосий таркиби:
— 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
— ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Товламачилик:
— такроран;
— хавфли рецидивист томонидан;
— кўп миқдорда;
— бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланади.
Товламачилик:
— жуда кўп миқдорда;
— ўта хавфли рецидивист томонидан;
— уюшган гуруҳ томонидан;
— ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Босқинчиликда ўзганинг мулкини эгаллаш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли зўрлик ишлатиб ҳужум қилиш ёки шундай зўрлик билан қўрқитиш асосий белги ҳисобланади. Босқинчиликнинг оддий таркиби учун 5–8 йил озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.
Товламачиликда эса марказий белги — таҳдид ёки мажбурлов шароити орқали мулк, мулкий ҳуқуқ ёки мулкий манфаатни бериш ҳақида талаб қўйилиши.
Таҳдид билан пул ёки бошқа мулкий манфаат талаб қилинганда ёзишмалар, овозли хабарлар, аккаунт маълумотлари, банк реквизитлари ва бошқа мавжуд далилларни ўчириб юбормаслик муҳим.
Қилмишга аниқ ҳуқуқий баҳо терговга қадар текширув, тергов ва суд жараёнида ишнинг барча ҳолатлари асосида берилади.