Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 115646 марта ўқилди

Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда | NORMA.UZ

«Ёшлар дафтари» жамғармаси нима?

«Ёшлар дафтари» жамғармаси — ёшларнинг бандлиги, таълими, касб ўрганиши, даволаниши, ижтимоий фаоллиги ва бошқа эҳтиёжларини молиялаштиришга мўлжалланган маблағлар жамланмаси.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий, туман ва шаҳарларда эса алоҳида туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари фаолият юритади. Улар юридик шахс ҳисобланмайди, маблағлари алоҳида ғазна ҳисобварақларида сақланади.

Жамғарма маблағлари қаердан шаклланади?

Жамғарма маблағлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, халқаро молия институтлари ва донорлар грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Туман ва шаҳарлардаги маблағлар маҳаллалар ўртасида аҳоли сони, ногиронлиги бўлган шахслар сони ва Ижтимоий реестрга киритилган оилалар сонига мутаносиб равишда тақсимланади.

Маблағлар қандай ёрдамларга йўналтирилади?

Туман (шаҳар) жамғармаси маблағлари, жумладан:

  • камида 3 нафар Ижтимоий реестрдаги оила аъзоси бўлган ёшнинг бандлиги ёки ижтимоий фаоллигини таъминлайдиган лойиҳага 60 БҲМгача грант;
  • ногиронлиги бўлган ёшларнинг параспорт машғулотларига қатнашиши учун 1 БҲМгача йўлкира харажати;
  • спорт ва санъат тўгаракларига мунтазам қатнаётган ёшларга 10 БҲМгача спорт анжоми, махсус форма ёки мусиқа асбоби;
  • ҳайдовчилик курси учун 8 БҲМгача субсидия;
  • касбий ёки олий таълим тўлов-контрактининг 50 фоизини, лекин 50 БҲМдан ошмаган қисмини қоплаш;
  • касб, тадбиркорлик, ахборот технологиялари ва хорижий тил курслари учун 6 ойгача ҳар ой 4 БҲМгача;
  • танлов, олимпиада ва мусобақаларда қатнашиш учун маҳаллий босқичда 4 БҲМгача, халқаро босқичда 40 БҲМгача ёрдамга йўналтирилиши мумкин.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга ижара ҳақининг 50 фоизи, бироқ ҳудудга қараб ҳар ой 2 ёки 3 БҲМгача, 12 ойгача компенсация тўланиши мумкин. Муайян ёрдамни олиш ҳуқуқи ҳар бир ёрдам турининг алоҳида талаблари асосида аниқланади.

Ёрдам олиш учун қандай мурожаат қилинади?

Мурожаат тегишли электрон давлат хизмати орқали берилади ва «маҳалла еттилиги» томонидан одатда 5 иш куни ичида кўриб чиқилади. Қарор оддий кўпчилик овоз билан қабул қилиниб, натижа ариза берувчига СМС-хабар ва электрон шахсий кабинет орқали юборилади.

Маблағларни сарфлаш «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида туман ёки шаҳар ҳокимлиги бухгалтерияси томонидан амалга оширилади. Айрим ёрдамлар бўйича ижтимоий шартнома тузилиши ва унда таълим, бандлик, волонтёрлик ёки шахсий ривожланишга оид мажбуриятлар белгиланиши мумкин.

Жамғармада маблағ етарли бўлмаса нима бўлади?

Ариза маъқулланганидан кейин 30 календарь кун ичида маблағ етишмаслиги сабабли ёрдам кўрсатилмаса, тегишли талабнома ва Кенгаш қарори асосида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан жамғармага зарур маблағ ажратилади.

Жамғарма фаолияти қандай назорат қилинади?

Ҳудудий жамғарма маблағларини бошқариш учун Васийлик кенгаши тузилади. Унинг йиғилиши ҳар ой камида бир марта ўтказилади, раис эса жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳақида тегишли халқ депутатлари Кенгашига ҳар чоракда ҳисобот беради.

Йил охирида фойдаланилмай қолган маблағлар кейинги йилга ўтказилади ва маҳаллий бюджетга олиб қўйилмайди. Айни ёрдам бошқа жамғарма ёки манба ҳисобидан берилган бўлса, уни «Ёшлар дафтари» жамғармасидан такроран олишга йўл қўйилмайди.

Бошқа тегишли мақолалар

Аёллар дафтари

Chat