Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 35398 марта ўқилди

Овоз бериш жойи

Овоз бериш махсус ажратилган бинода амалга оширилади. У ерда:

  • яширин овоз бериш учун кабиналар ёки хоналар;
  • бюллетень бериш жойлари;
  • сайлов қутилари;
  • кузатувчилар учун жой;
  • сайловга оид ахборот материаллари бўлиши керак.

Овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг, алоҳида кириш ва чиқиш жойига эга бўлиши ҳамда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шароитлар назарда тутилган бўлиши лозим.

Овоз бериш вақти

Овоз бериш сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади.

Ўзбекистон ҳудудидаги сайлов участкаларида сайлов қутиларини 20:00 дан олдин очиш ва овозларни санаш мумкин эмас.

Сайловчи бюллетенни қандай олади?

Сайловчи овоз бериш биносига келгач, участка сайлов комиссияси аъзосига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ва сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Агар сайловчининг фамилияси бирор сабабга кўра рўйхатга кирмай қолган бўлса, унинг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида маълумотлари сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Бюллетень қандай тўлдирилади?

Сайловчи бюллетенни яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида мустақил равишда тўлдиради. Бюллетенни тўлдириш вақтида бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод ёки сиёсий партия рўпарасидаги бўш квадратга белгиланган тартибда «+», «✓» ёки «x» белгисини қўяди ва бюллетенни сайлов қутисига ташлайди.

Агар бюллетень тасодифан бузиб қўйилса, сайловчининг илтимосига кўра у янги бюллетенга алмаштирилиши мумкин.

Сайловчига ёрдам бериш мумкинми?

Бюллетенни мустақил равишда тўлдира олмайдиган сайловчи ўз хоҳишига кўра кабинага бошқа шахсни таклиф қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ сайлов комиссияси аъзоси, кузатувчи ёки оммавий ахборот воситаси вакили бундай ёрдамчи бўлиши мумкин эмас.

Турган жойида овоз бериш

Соғлиғи ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчининг илтимосига кўра овоз бериш унинг турган жойида ташкил этилиши мумкин.

Бунда участка сайлов комиссиясининг камида 2 нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига боради ва овоз бериш сир сақланган ҳолда ўтказилади.

Муддатидан олдин овоз бериш

Сайлов куни яшаш жойида бўла олмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланади ва 3 кун қолганда тугайди.

Бунинг учун сайловчи сайлов куни бўла олмаслик сабабини, масалан, таътил, хизмат сафари ёки хорижга чиқишни кўрсатган ариза билан участка сайлов комиссиясига мурожаат қилади.

Эслатма: овоз бериш яширин амалга оширилади. Ҳеч ким сайловчини кимга овоз беришга мажбурлаши ёки унинг танловини назорат қилиши мумкин эмас.

Chat