Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28092 марта ўқилди

Махсус иқтисодий зона тушунчаси

Махсус иқтисодий зона — тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда замонавий бошқарув тажрибасини жалб қилиш учун махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга ҳудуддир.

Махсус иқтисодий зона ўзининг тасдиқланган бош режаси асосида ривожлантирилади.

Махсус иқтисодий зоналарнинг турлари

Қонунчиликка мувофиқ қуйидаги турдаги зоналар ташкил этилиши мумкин:

  • эркин иқтисодий зона;
  • махсус илмий-технологик зона;
  • туристик-рекреацион зона;
  • эркин савдо зонаси;
  • махсус саноат зонаси.

Ҳар бир турдаги зона учун инвестиция лойиҳаларига нисбатан алоҳида талаблар белгиланади.

Инвестиция лойиҳасига қўйиладиган талаблар

Инвестиция лойиҳаси:

  • қонунчилик, экологик ва шаҳарсозлик талабларига мувофиқ бўлиши;
  • молиялаштириш манбалари ва амалга ошириш муддатларини назарда тутиши;
  • янги иш ўринлари ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратишга хизмат қилиши;
  • тегишли махсус иқтисодий зонанинг мақсади ва ихтисослашувига мос келиши керак.

Эркин иқтисодий зонада таклиф этиладиган лойиҳа, қоида тариқасида, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ёки ишлаб чиқариш ҳажми ички бозор эҳтиёжини қопламайдиган янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни назарда тутиши лозим.

Инвестиция буюртманомаси

Инвестор инвестиция буюртманомасини махсус иқтисодий зона дирекциясига тақдим этади. Унга, жумладан:

  • юридик шахс уставининг кўчирма нусхаси;
  • инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаси ёки техник-иқтисодий асоси;
  • инвестиция битими лойиҳаси илова қилинади.

Дирекция лойиҳанинг қонунчилик ва зона талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади.

Иштирокчи мақоми

Инвестор электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини ижарага ёки бўш турган бинони олгач, белгиланган тартибда юридик шахсни давлат рўйхатидан ёки қайта рўйхатдан ўтказади.

Юридик шахс:

  1. инвестиция битимини имзолаганидан;
  2. Махсус иқтисодий зона иштирокчилари реестрига киритилганидан кейин махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олади.

Фақат зона ҳудудида жойлашишнинг ўзи солиқ ёки божхона имтиёзларини автоматик равишда бермайди. Иштирокчи мақоми ва қонунчиликда белгиланган шартлар мавжуд бўлиши керак.

Тақиқланган фаолият

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:

  • экологик ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб бермайдиган ишлаб чиқариш;
  • қурол-яроғ, ўқ-дори, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар ишлаб чиқариш ёки улар савдоси;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • хом терига ишлов бериш, ҳайвонларни ҳайдаб боқиш ёки сўйиш;
  • цемент, бетон, цемент клинкери, ғишт, темир-бетон плиталар, кўмир, оҳак ва гипс маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • чиқиндиларни қайта ишлаш, ёқиш, газлаштириш, кимёвий ишлов бериш, сақлаш ёки кўмиш;
  • нефтни қайта ишлаш заводлари, атом электр станциялари ва қонунда кўрсатилган радиациявий объектларни жойлаштириш.

Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қўшимча тақиқ ва чекловлар белгиланиши мумкин.

Chat