Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10962 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин божхона зоналари ва эркин омборлар бўлиши мумкин, уларнинг ҳудудлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади.

  • Божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек эркин божхона зоналарининг ва эркин омборларнинг тегралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади.

Божхона мақсадлари қуйидагилардан иборат:
  • божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш;
  • божхона тўловлари ўз вақтида ва тўғри тўланишини таъминлаш;
  • иқтисодий сиёсат чораларига, божхона режимларининг талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш;
  • божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларига чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш.

Божхона муносабатларида қўлланиладиган тушунчалар:
  • божхона брокери — божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;
  • божхона иши — иқтисодий, тартибга солиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш мақсадларига эришишга қаратилган, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайдиган усуллар ва воситалар мажмуи;
  • божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш — автотранспорт воситаларининг божхона органлари томонидан божхона назорати остида кузатиб борилиши;
  • божхона операцияси — товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида товарларга ва транспорт воситаларига нисбатан божхона органларининг мансабдор шахси ва (ёки) ваколатли шахс томонидан амалга ошириладиган ҳаракат;
  • божхона режими — божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг мақомини божхона мақсадлари учун белгиловчи қоидалар мажмуи;
  • божхона тартиб-таомили — божхона мақсадлари учун амалга ошириладиган божхона операцияларининг мажмуи;
  • декларант — товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс;
  • декларациялаш — божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва (ёки) божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги зарур маълумотларни божхона органларига маълум қилиш;
  • иқтисодий сиёсат чоралари — товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб киришга ва ушбу ҳудуддан олиб чиқишга доир чекловлар бўлиб, улар квота белгилашни, лицензиялашни, шунингдек мамлакат иқтисодиётининг жаҳон хўжалиги билан ўзаро ҳамкорлигини тартибга солишнинг бошқа чора-тадбирларини ўз ичига олади;
  • ташувчи — божхона назорати остида турган товарлар ташилишини амалга оширувчи ёки транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс;
  • товар туркуми — битта олувчининг манзилига битта транспорт ҳужжати бўйича келаётган ёки битта почта юк хати билан жўнатилаётган ёхуд божхона чегараси орқали ўтаётган битта жисмоний шахснинг қўл юкида ва багажида олиб ўтилаётган товар ёки унинг бир қисми;
  • товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш — товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб кириш ёхуд ушбу ҳудуддан олиб чиқиш;
  • товарларнинг эркин муомаласи — божхона ҳудудида товарларнинг белгиланган тақиқлар ва чекловларсиз айланиши;
  • товарни чиқариб юбориш — божхона органларининг божхона расмийлаштирувини якунловчи ва маълум қилинган божхона режими шартларидан келиб чиққан ҳолда товарлардан фойдаланишга ва (ёки) уларни тасарруф этишга рухсат берилганлигини ифодаловчи ҳаракати;
  • юк операциялари — божхона назорати остида турган товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ташиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш, уларнинг бузилган ўровларини тўғрилаш, уларни ўраш, қайта ўраш ва ташиш учун қабул қилиш;
  • Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими — божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш учун уларга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг киритилишини, ҳисобга олинишини ҳамда мониторинг қилинишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг автоматлаштирилган тизими.

Товарнинг кузатув ҳужжатлари
  • Тижорат ва транспорт ҳужжатлари товарнинг кузатув ҳужжатлари ҳисобланади.

Тижорат ҳужжатлари жумласига ҳисобварақ-фактура (инвойс), юклаб жўнатиш ва ўров варақлари ҳамда ташқи савдо фаолияти ва ўзга фаолият амалга оширилаётганда божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ битимлар тузилганлигини тасдиқлаш учун фойдаланиладиган бошқа ҳужжатлар киради.

Транспорт ҳужжатлари жумласига коносамент, юк хати ёки товарларни ташиш шартномаси борлигини тасдиқловчи ҳамда шундай ташишда кузатиб борувчи бошқа ҳужжат киради.

  • Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси, валюта бойликлари ва бошқа қимматли қоғозлар, электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари, интеллектуал мулк объектлари, транспорт воситаси товар ҳисобланади.
  • Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товар ёхуд божхона ҳудудида эркин муомалага чиқарилган ёки шундай мақомга эга бўлган товар Ўзбекистон товаридир.
  • Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилмаган товар, шунингдек ушбу Кодексга мувофиқ чет эл товари мақомини олган товар чет эл товаридир.
Chat