Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7959 марта ўқилди

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижросини жазони ижро этиш муассасалари амалга оширади.

Жазони ижро этиш муассасалари жумласига қуйидагилар киради:
  • жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар;
  • тарбия колониялари;
  • турмалар;
  • маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар.

Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради.

Жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Тарбия колониялари вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Турмалар вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Манзил-колониялар қуйидагиларга бўлинади:
  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган жиноятлар учун шунингдек қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланадиган манзил-колониялар;
  • умумий, қаттиқ тартибли колониялардан, шунингдек тарбия колонияларидан ўтказилган маҳкумлар сақланадиган манзил-колониялар.

Умумий тартибли колониялар қуйидагиларга бўлинади:
  • оғир жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган эркаклар сақланадиган колониялар;
  • ўта оғир жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган эркаклар сақланадиган колониялар;
  • оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган аёллар сақланадиган колониялар, ЖИКнинг 48-моддасида кўрсатилган аёллар бундан мустасно.

Қаттиқ тартибли колониялар қуйидагиларга бўлинади:
  • илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва қасддан жиноят содир этганлик учун яна судланган эркаклар сақланадиган колониялар;
  • илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва ўта оғир жиноят содир этганлик учун яна судланган аёллар, шунингдек ўта хавфли рецидивист деб топилган аёллар сақланадиган колониялар.

Тарбия колониялари вояга етмай туриб жиноят содир этган маҳкумларни сақлашга мўлжалланган.

Турмалар турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларни, шунингдек умумий ва қаттиқ тартибли колониялардан жазони ўташ тартибини ашаддий бузганлиги учун ўтказилган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган.

Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжаллангандир.

Chat