Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 68071 марта ўқилди

Ахборотлаштириш тушунчаси

Ахборотлаштириш — юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда шароит яратишнинг ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий жараёни.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ фақат қонунга мувофиқ ҳамда конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамоат хавфсизлиги ва тартибини ҳимоя қилиш мақсадида зарур доирада чекланиши мумкин.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратади.

Асосий тушунчалар

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ:

  • ахборот ресурси — ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки ва маълумотлар базаси;
  • ахборот технологияси — ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш имконини берувчи усуллар ҳамда воситалар;
  • ахборот тизими — ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш имконини берувчи ахборот ресурслари, технологиялари ва алоқа воситаларининг ташкилий жиҳатдан тартибга солинган мажмуи;
  • ахборот ресурсларининг мулкдори — ахборот ресурсига эгалик қилувчи, ундан фойдаланувчи ва уни тасарруф этувчи шахс;
  • блогер — ўз веб-сайти ёки веб-саҳифасида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа хусусиятдаги ахборотни жойлаштирувчи жисмоний шахс.

Очиқ ва фойдаланилиши чекланган ахборот

Ахборот ресурслари ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ёки фойдаланилиши чекланган ахборотни ўз ичига олиши мумкин.

Давлат сирларига тааллуқли маълумотлар «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонун асосида муҳофаза қилинади. Бундай маълумотлардан фойдаланиш фақат белгиланган рухсат ва махфийлик режими асосида амалга оширилади.

Шахсга доир маълумотларни тўплаш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, фойдаланиш ва тарқатиш «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ бўлиши керак. Шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги таъминланиши шарт, қонунчиликда белгиланган очиқ маълумотлар бундан мустасно.

Фойдаланилиши чекланган ахборотни рухсатсиз олиш, тарқатиш ёки ундан бошқа мақсадда фойдаланиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Ахборотни муҳофаза қилиш

Ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини муҳофаза қилиш:

  • шахс, жамият ва давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
  • ахборотнинг йўқолиши, ўғирланиши, бузиб талқин қилиниши ва сохталаштирилишининг олдини олиш;
  • ахборотни йўқ қилиш, тўсиб қўйиш ёки ундан рухсатсиз фойдаланишга йўл қўймаслик;
  • шахсга доир маълумотлар ва давлат сирларининг махфийлигини сақлаш мақсадида амалга оширилади.
Chat