Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33548 марта ўқилди

Тақиқланган ахборот қандай аниқланади

Интернет тармоғидаги веб-сайтлар, веб-саҳифалар, ахборот ресурслари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқатилаётган ахборот қонунчилик талабларига мувофиқ мониторинг қилинади.

Мониторинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ваколатли тузилмаси томонидан:

  • ўз ташаббусига кўра;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида;
  • ваколатли давлат органларидан келиб тушган маълумотлар бўйича ўтказилиши мумкин.

Тарқатилиши тақиқланган ахборот аниқланса, бир иш куни ичида хулоса тайёрланади. Хулосада ахборот ресурсини идентификация қилиш имконини берадиган маълумотлар кўрсатилади.

Фойдаланишни чеклаш тартиби

Тақиқланган ахборот жойлаштирилган ресурс махсус реестрга киритилади. Реестр электрон шаклда юритилади ва унга киритилган маълумотлар махсус ваколатли органга юборилади.

Интернетдан фойдаланиш хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерлар реестрга киритилган ресурсдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланишни чеклаш бўйича чора кўради.

Муҳим: ахборот ресурси реестрга киритилганидан кейин ундан фойдаланишни чеклаш чоралари 12 соат ичида амалга оширилиши керак.

Ваколатли орган ёки эксперт комиссиясининг хулосаси устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.

Ижтимоий тармоқлар ва изоҳлардаги ахборот

Тақиқланган ахборот ижтимоий тармоқ, мессенжер ёки фойдаланувчилар қолдирган изоҳларда аниқланса, ресурс эгасига ёхуд блогерга тегишли ахборотни ўчириш тўғрисида хабарнома юборилади.

Хабарнома олинганидан кейин ресурс эгаси ёки блогер ахборотни 24 соат ичида ўчириши ва бу ҳақда ваколатли тузилмани хабардор қилиши лозим. Талаб бажарилмаса, платформа маъмуриятига мурожаат қилиш ёки судга даъво киритиш чоралари қўлланилиши мумкин.

Чекловни бекор қилиш

Ресурс эгаси тақиқланган ахборотни ўчириб, ёзма ёки электрон мурожаат юборса, ваколатли тузилма ушбу ҳолатни текширади.

Ахборот ўчирилгани тасдиқланса:

  • ресурснинг идентификация маълумотлари бир кун ичида реестрдан чиқарилади;
  • фойдаланишга қўйилган чеклов махсус ваколатли орган томонидан бир кун ичида бекор қилинади.

Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарори билан белгиланган.

Chat