Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22121 марта ўқилди

about

Фонд кимларни қўллаб-қувватлайди?

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож ва оғир ҳаётий вазиятга тушган болаларга манзилли ижтимоий, тиббий ва моддий ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлайди.

Фонднинг асосий вазифаларига:

  • оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга манзилли ёрдам кўрсатиш;
  • ҳаёт учун хавфли оғир, сурункали ва кам учрайдиган — орфан касалликларни ташхислаш ва даволашга кўмаклашиш;
  • эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларни дори воситалари, тиббий ҳамда протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг таълим олишига кўмаклашиш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш ва касб-ҳунарга ўргатиш;
  • юқори технологик ихтисослашган реабилитация ёрдамини молиялаштириш киради.

Оғир касал болани парваришлаётган оила ҳам ёрдам олиши мумкинми?

Фонд вазифалари қаторига оғир ташхисли касаллиги бўлган болаларни парваришлаётган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни ҳомийликка олиш ҳам киритилган. Бу қоида 2026 йил 1 февралдан амал қилади.

Фондга қандай мурожаат қилиш мумкин?

Ҳомийлик ёрдами олиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари Фонд ижро дирекцияси томонидан қабул қилинади.

Мурожаат:

  • ёзма — почта орқали ёки шахсан;
  • электрон — Фонд веб-сайти, Халқ қабулхонаси ва бошқа электрон каналлар орқали;
  • оғзаки — шахсий қабул ёки Call-марказ орқали

берилиши мумкин. Келиб тушган мурожаатлар кунлик ўрганилади ва таҳлил қилинади.

Ёрдам автоматик равишда бериладими?

Йўқ. Мурожаатдаги эҳтиёж Фонднинг мақсад ва вазифаларига мослиги, оиланинг ижтимоий ҳолати ва имкониятлари ўрганилади. Қонунчиликда белгиланган ахборот тизимлари маълумотларидан фойдаланилиши ва зарур ҳолда жойига чиқиб ўрганиш ўтказилиши мумкин.

Шошилинч тиббий ёрдам ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ҳомийлик ёрдамлари истисно тартибида Фонд Васийлик кенгаши раиси розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Фонд маблағлари қаердан шаклланади?

Фонд маблағлари, жумладан:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;
  • давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар грантлари;
  • краудфандинг орқали келиб тушадиган маблағлар;
  • вақтинча бўш маблағларни банк депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шаклланади.

Эслатма: Фондга мурожаат қилинганининг ўзи моддий ёрдам автоматик равишда тайинланишини англатмайди. Мурожаат боланинг ва оиланинг ҳолати ҳамда Фонд вазифаларига мувофиқлиги асосида ўрганилади.

Chat