Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18356 марта ўқилди

Маълумотнома мазмуни

Мазкур маълумотнома фуқаронинг руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида:

  • туриши;
  • турмаслиги ҳақидаги расмий маълумотни тасдиқлайди.

Хизмат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизими орқали кўрсатилади.

Мурожаат қилувчилар

Маълумотномани:

  • фуқаронинг ўзи;
  • унинг ота-онаси;
  • эри ёки хотини;
  • болалари;
  • ака-укалари ёки опа-сингиллари олиши мумкин.

Бошқа ишончли вакил мурожаат қилганда нотариал тасдиқланган ишончнома тақдим этилади.

Мурожаат қилиш тартиби

Ариза:

  • Давлат хизматлари марказига шахсан;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон шаклда берилади.

Сўровномада қуйидагилар кўрсатилади:

  • фамилия, исм ва ота исми;
  • аввалги Ф.И.О. — ўзгарган бўлса;
  • паспорт ёки ID-карта маълумотлари ва ЖШШИР;
  • яшаш манзили;
  • телефон рақами ва мавжуд бўлса электрон почта;
  • маълумотнома тили — ўзбек, рус ёки инглиз тили.

Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинганда сўровнома марказ ходими томонидан тўлдирилади ва ариза берувчи тасдиқлаганидан кейин электрон шаклда ваколатли органга юборилади.

Хизмат нархи ва муддати

Маълумотнома бериш учун БҲМнинг 2 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Хизмат реал вақт режимида кўрсатилади. Натижа ваколатли органнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган маълумотнома шаклида тақдим этилади.

Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинганда маълумотнома электрон ёки фуқаронинг хоҳишига кўра қоғоз шаклида берилади.

Муҳим: ушбу хизматдан фойдаланиш жараёнида наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги ҳақидаги маълумотномани ҳам композицион тарзда буюртма қилиш мумкин. Ҳар бир маълумотнома учун белгиланган йиғим бир йўла тўланади.

Хизматни рад этиш ва хатоларни тузатиш

Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши ёки белгиланган йиғим тўланмаслиги хизматни рад этиш учун асос бўлади. Бошқа асослар билан рад этиш тақиқланади.

Маълумотномада ваколатли орган айби билан нотўғри маълумот расмийлаштирилган бўлса, фуқаро 15 кун ичида қўшимча йиғим тўламасдан қайта мурожаат қилиши мумкин.

Хизмат давомида олинган маълумотларнинг махфийлиги давлат хизматлари маркази ва ваколатли орган томонидан таъминланади.

Chat