Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12341 марта ўқилди

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш

Фуқаро доимий яшаш жойидан бошқа манзилда вақтинча яшаётган бўлса, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

Фуқаронинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтмаганлиги уни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш фуқаронинг яшаш жойи бўйича мавжуд рўйхатини бекор қилмайди.

Янги манзилга келган фуқаро 10 иш куни ичида рўйхатдан ўтиши керак.

Мурожаат қилиш усуллари

Фуқаро ёки турар жой мулкдори:

  • миграция ва персоналлаштириш бўлинмасига;
  • профилактика инспекторига;
  • Давлат хизматлари марказига;
  • «Ақлли» миграция шохобчасига;
  • «E-xabar berish» тизимига;
  • ЯИДХП орқали мурожаат қилиши мумкин.

Мулкдор ва рўйхатдан ўтаётган фуқаронинг розилиги Face-ID ёки Mobile-ID орқали тасдиқланади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Қуйидагилар талаб этилади:

  • мулкдорнинг уй-жой майдонини бериш ҳақидаги розилиги;
  • мулкдорнинг паспорти, яшаш гувоҳномаси ёки ID-картаси;
  • рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспорти ёки ID-картаси;
  • 16 ёшга тўлмаган боланинг туғилганлик гувоҳномаси;
  • зарур ҳолларда васийлик, ҳомийлик ёки патронатни тасдиқловчи ҳужжат.

Ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси мулкдор томонидан тасдиқланган бўлса, бу мулкдорнинг рўйхатдан ўтказишга розилиги ҳисобланади.

Ижарага олувчи шартномада кўрсатилган, аммо 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Давлат божи ва натижа

Давлат божи БҲМнинг 2 фоизини ташкил этади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда унинг 90 фоизи — БҲМнинг 1,8 фоизи ундирилади.

Ариза 1 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Тўлов амалга оширилгандан кейин QR-кодли электрон ёки қоғоз шаклдаги қайд варағи шу куннинг ўзида берилади.

Давлат божи 10 кун давомида тўланмаса, ариза автоматик бекор қилинади.

Рўйхатдан ўтказилганлик фуқарога турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ёки мустақил фойдаланиш ҳуқуқини бермайди.

Chat