Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 42097 марта ўқилди

Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромад ҳажмини аниқлаш

  • Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромад болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ёки иқтисодий аҳволи ўзгариши қайта ўрганилаётган ойдан олдинги ойгача бўлган охирги 3 ойи учун ҳисоблаб чиқилган барча оила аъзоларининг даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига ва учга бўлиш орқали аниқланади.
  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун оила таркибига фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳи қайд этилган эр-хотин (ёки уларнинг бири) ва улар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар (шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалар), шунингдек, ота-оналари билан бирга яшайдиган ва ўз оиласига эга бўлмаган 18 ёшдан катта болалар (шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалар), ёлғиз оналар (оталар) киритилади.
  • Бунда тўлиқ давлат таъминотидаги болалар, тарбиялаш учун оилага қабул қилинган (патронат тартибида) болалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, шунингдек, суд қарорига асосан бедарак йўқолган деб топилган шахслар ёки расман никоҳи бекор қилинмаган алимент тўлаётган эр (хотин) оила таркибига киритилмайди.

Бир ойлик ўртача жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига оила томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади
  1. меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
  2. мулкий даромадлар;
  3. олинган алиментлар. Бунда, фуқаро томонидан тўланган алиментлар суммаси оиланинг жами даромадидан чиқариб ташланади;
  4. якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга ҳисобланадиган норматив даромадлар;
  5. пул тушумлари, шу жумладан, чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари ва бошқалардан олинган пул ўтказмалари суммаси. Бунда хорижий валютада олинган пул ўтказмалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон маълумот олинган кундаги белгиланган курси бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳисобга олинади;
  6. Ариза берувчи ва оила аъзосининг ҳар бир корхона устав фондидаги улуши, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.
  7. қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашганлик учун шахсга тўланган меҳнат ҳақи;
  8. тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан, штамплар ва муҳрлар олиш, электрон рақамли имзо олиш, тадбиркорликка ўқиш харажатларини тўлаш ва кредитни олиш чоғида суғурта полиси ҳақини тўлаш ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, уруғликлар, кўчатлар, суғориш воситалари олиш учун меҳнат органлари томонидан ажратилган субсидияларни олган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган норматив даромадлар;
  9. пенсиялар ва нафақалар (Низомда белгиланган тартибда оила олаётган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам, ногиронлик бўйича нафақа, ногиронлик бўйича нафақа суммаси доирасидаги ногиронлик пенсияси (ногиронлик пенсия миқдоридан зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори чегириб ташланади), боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси, 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа, ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар ва ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшга бўлган шахсларга нафақа, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали бериладиган бола туғилганлиги ҳамда дафн этиш маросими учун бир йўла тўланадиган нафақа, таълим муассасалари томонидан тўланадиган стипендиялар, меҳнат органлари томонидан ишсиз фуқароларга тайинланадиган ва тўланадиган моддий ёрдам, меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида тўланган стипендия бундан мустасно);
  10. томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад;
  11. чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларга ҳисобланадиган норматив даромадлар;
  12. Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.

Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар амалда ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунига қадар).

  • «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида микрокредит олинган санадан бошлаб охирги 12 ой мобайнида оилавий тадбиркорликни амалга оширишдан олинган даромадлар оиланинг даромади таркибига киритилмайди.

  • Якка тартибдаги тадбиркорлик ва якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ёлланган ходими фаолиятидан олинган даромадни аниқлашда (якка тартибдаги фаолият маълум муддатга тўхтатилган давр бундан мустасно) даромад аниқланаётган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган бир ойлик суммасининг ўн баравари миқдорига тенг бўлган, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.
  • Ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг даромадлари миқдорини аниқлашда даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.
  • Агар электрон ахборот алмашинуви орқали олинган маълумотларда чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолият турини амалга оширувчи оила аъзоларидан пул ўтказмалари миқдори аниқланмаса ёки ўтказмалар миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдоридан кам бўлса, у ҳолда оиланинг бир ойлик ўртача жами даромадини аниқлаш учун оиланинг чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзосига даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Аризачи ёки оила аъзоларининг якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдонида томорқа майдонини ҳисоблашда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот тизимидан электрон ахборот алмашинуви орқали олинган маълумотлар асосида куйидаги формуладан фойдаланилади:

ТЕМ = УМ — ҚМ — (УМ * 20 %), бунда:
ТЕМ — томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалиги майдони;
УМ — ажратилган ернинг умумий майдони (м2);
ҚМ — қурилишларнинг майдони (м2);
(УМ * 20 %) кўрсаткичи 200 м2дан ошмаган ҳолда ҳисоб-китоб учун қабул қилинади.

  • Томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинган даромад миқдори сифатида ушбу бандда белгиланган томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинадиган бир ойлик даромаднинг норматив миқдори қабул қилинади.
  • Томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан олинадиган бир ойлик ўртача норматив даромад томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш учун фойдаланилаётган сотихлар майдонини жами даромад аниқланаётган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,035 бараварига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Ушбу бандда кўрсатилган бир ойлик ўртача норматив даромади оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Бунда:

а) 4 сотихгача бўлган томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалиги майдонида оиланинг меҳнатга лаёқатли ишсиз битта аъзоси ҳамда кейинги ҳар бир 4 сотихгача майдон учун қўшимча биттадан оиланинг ишсиз аъзоси томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб ҳисобланади;

б) оила аъзолари томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган деб қуйидаги кетма-кетлик бўйича ҳисобланади:

  1. биринчи навбатда, меҳнатга лаёқатли ишсиз бўлган, бола парвариши ва ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, жазони ижро этиш жойларида жазони ўтамаётган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган оила аъзосига;
  2. оиланинг вояга етган, таълим муассасасида таҳсил олмаётган, жазони ижро этиш жойларида жазони ўтамаётган ёки чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтамаётган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган, ўз оиласига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли ишсиз фарзандига, шунингдек, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган шахсга (бир нечта фарзанди бўлганда — ёш кетма-кетлиги бўйича);
  3. таълим муассасасида таҳсил олмаётган, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтамаётган ёки чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтамаётган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосининг парвариши билан банд бўлмаган, чет элда ишламайдиган ёки тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширмаётган меҳнатга лаёқатли ишсиз отасига.


  • Чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларнинг бир ойлик ўртача норматив даромадини ҳисоблаш:
  1. чорва моллари ва паррандаларнинг сони шартли бош қорамол сонига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги 689-сон қарори билан тасдиқланган Яйловларда чорва молларини ўтлатишда энг кўп йўл қўйиладиган фойдаланиш нормаларини белгилаш, яйловлар алмашинишини таъминлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-иловада келтирилган Чорва молларини ва паррандаларни шартли бошга ўгириш коэффициентига асосан ўтказилади;
  2. ҳар бир шартли бош қорамол сонини даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,5 бараварига кўпайтириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.
  3. Ушбу бандда кўрсатилган бир ойлик ўртача норматив даромад оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.

Ариза берувчи оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад миқдори қуйидаги формула асосида аниқланади
  • БОЎД — (МҲТД+МД+ОА-ТА+ИН+ЖИМҲ+СНД+ЯТТНД+ПЎ+ПН+ ТД+ЧМ+БД)/ОАС/3, бунда:
  • БОЎД — оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад;
  • МҲТД — меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги уч ойлик даромадлар (Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда);
  • МД — уч ойлик мулкий даромадлар (Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда);
  • ОА — оила аъзолари томонидан олинган уч ойлик алиментлар;
  • ТА — оила аъзолари томонидан тўланган уч ойлик алиментлар;
  • ТУ — ташкилот таъсисчисига қўлланиладиган норматив даромад;
  • ИН — меҳнат органлари томонидан ишсиз фуқароларга тўланган уч ойлик ишсизлик нафақаси (Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда);
  • ЖИМҲ — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашганлик учун шахсга тўланган уч ойлик меҳнат ҳақи (Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда);
  • СНД — фуқаро бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда бошқа мақсадлар учун меҳнат органлари томонидан ажратилган субсидиялар ва грантлар учун ҳисобланадиган ўртача уч ойлик норматив даромад;
  • ЯТТНД — якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ҳисобланадиган ўртача уч ойлик норматив даромадлар;
  • ПЎ — пул ўтказмалари, шу жумладан, чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларидан уч ойлик пул ўтказмалари суммаси (Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда) ёки уларга ҳисобланадиган уч ойлик ўртача норматив даромадлар;
  • ПН — пенсия ва нафақалар кўринишидаги уч ойлик (Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда) даромадлар;
  • ТД — томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритишдан (мазкур Низомнинг 21-бандида белгиланган даврда) ҳисобланадиган уч ойлик ўртача норматив даромадлар;
  • ЧМ — чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларга ҳисобланадиган уч ойлик ўртача норматив даромад;
  • БД — оила аъзоларининг уч ойлик бошқа даромадлари;
  • ОАС — оила аъзолари сони.

Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадни ҳисоблаб чиқишнинг мисоли:

  • 5 кишидан иборат оиланинг аъзоси моддий ёрдам учун 2020 йил декабрь ойида мурожаат этган. Унинг даромадлари август — октябрь ойлари учун ҳисобланади. Оила аъзоларининг барча даромадлари йиғиндиси (норматив даромадларни ҳисобга олган ҳолда) 5 250 000 сўмни ташкил этади.
  • Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромади қуйидагини ташкил этади: 5 250 000 сўм / 5 киши / 3 ой — 350 000 сўм.

  • Кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақалар ва моддий ёрдам (3 ёшгача ва 18 ёшгача бола нафақаси)
  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этиш асослари
  • Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тўлаш ва тўхтатиш
Chat