Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28504 марта ўқилди

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга шахслар

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қуйидагилар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга:

  • мерос қолдирувчининг вояга етмаган болалари, шу жумладан фарзандликка олинган болалари;
  • унинг меҳнатга қобилиятсиз болалари;
  • меҳнатга қобилиятсиз эри ёки хотини;
  • меҳнатга қобилиятсиз ота-онаси, шу жумладан фарзандликка олган ота-онаси.

Меҳнатга қобилиятсизлик ҳолати мерос очилган кунга қараб баҳоланади. Нотариал тартибда меҳнатга қобилиятсиз шахслар жумласига мерос очилган кунда 55 ёшга тўлган аёллар, 60 ёшга тўлган эркаклар, шунингдек I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланган шахслар киритилади.

Муҳим! Мерос қолдирувчининг ҳар қандай меҳнатга қобилиятсиз қариндоши автоматик равишда мажбурий улуш олмайди. Бу ҳуқуқ қонунда бевосита кўрсатилган болалар, эр ёки хотин ва ота-онага тегишли.

Мажбурий улуш миқдори

Мажбурий улуш миқдори тегишли шахс қонун бўйича мерос олганида унга тегиши мумкин бўлган улушнинг камида ярмини ташкил этади.

Улушни ҳисоблашда:

  • қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар;
  • мерос таркибига кирувчи барча мол-мулк;
  • меросхўр бошқа асосда олаётган мол-мулк;
  • оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмлари;
  • унинг фойдасига белгиланган васият мажбурияти қиймати ҳисобга олинади.

Мажбурий улуш, аввало, мероснинг васият қилинмаган қисмидан ажратилади. Бу қисм етарли бўлмаса, васият қилинган мол-мулк ҳам мажбурий улушни таъминлаш учун ҳисобга олинади.

Васиятномадаги чекловлар

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга шахс учун васиятномада белгиланган шартлар ва чекловлар фақат унинг мажбурий улушдан ортиқча олган қисмига нисбатан амал қилади.

Мажбурий улуш ҳуқуқи шахсга бевосита боғлиқ бўлиб, мерос трансмиссияси тартибида унинг меросхўрларига ўтмайди.

Мажбурий улушдан воз кечиш

Меросхўр мажбурий улушдан воз кечиши мумкин. Бундай воз кечиш ҳеч қандай шартсиз бўлиши лозим.

Мажбурий улушдан бошқа шахс фойдасига ёки муайян шарт эвазига воз кечишга йўл қўйилмайди.

Гувоҳнома бериш тартиби

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган жойдаги нотариус томонидан, қоида тариқасида, мерос очилган кундан олти ой ўтгач берилади.

Агар нотариусда бошқа меросхўрлар йўқлиги ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд бўлса, гувоҳнома олти ойлик муддат тугамасидан олдин ҳам берилиши мумкин.

Нотариус:

  • мерос қолдирувчининг вафоти;
  • қариндошлик ва никоҳ муносабатлари;
  • меросхўрнинг ёши ёки ногиронлиги;
  • васиятнома;
  • мерос мол-мулки ва унга бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотларни текширади.

Давлат ахборот тизимларида мавжуд маълумотлар нотариус томонидан мустақил равишда олинади. Зарур маълумот электрон базада бўлмаса, уни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

Мажбурий улушни ҳисоблашда низо келиб чиқса, масала суд тартибида ҳал этилади. Бунда Олий суд Пленумининг мерос ҳуқуқига оид қонунчиликни қўллаш тўғрисидаги қарори қоидалари ҳам инобатга олинади.

Chat