Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6064 марта ўқилди

2000 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар — пудратчилар давлат бюджети маблағлари ва Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига маблағ билан таъминланаётган объектларни қуриш учун пудрат шартномаларини тузишда Низомга мувофиқ таваккалчиликларни мажбурий суғурта қиладилар. Қурилиш пудрати шартномалари бўйича маблағ билан таъминлаш фақат шартномалар суғурта полислари мавжуд бўлган тақдирда бошланади. 

Бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, машиналар, уларга эҳтиёт қисмлар, материаллар ва қурилиш майдонида бўлган ҳамда суғурта шартномасида қайд этилган қурилиш ва монтаж буюмини ўзида ифодалайдиган бошқа мол-мулк, шунингдек қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда учинчи шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига зарар етказилганлиги учун суғурталанувчининг жавобгарлиги суғурта қилиш объектлари ҳисобланади.

Суғурта қилиш таваккалчиликларнинг қуйидаги гуруҳлари қопланишини таъминлайди:
  • ёнғин, чақмоқ, портлаш, учувчи аппаратларнинг қулаши, ўз-ўзидан ёниш;
  • ўғирлик ва учинчи шахсларнинг қасддан содир этган ҳаракатлари;
  • сув тошқини ва сув босиши, қувурларнинг ёрилиши;
  • бўрон, довул;
  • зилзила, сел, кўчки, тупроқнинг чўкиши, ўпирилиш, қулаш;
  • қисқа туташув, ортиқча кучланиш, электр ёйлари;
  • машина ва механизмлар, қурилиш материаллари ва конструкцияларнинг қулаб тушиши;
  • нуқсонли материаллар ва конструкцияларни онгсиз равишда қўллашдан кўрилган зарар;
  • қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда учинчи шахслар олдида фуқаролик жавобгарлиги пайдо бўлиши.

Полиснинг ёки таваккалчиликларни суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш муддати суғурталовчи ва суғурталанувчи ўртасидаги келишувга кўра қурилиш пудрати шартномасининг муддатига мувофиқ белгиланади. Объектни фойдаланишга топшириш муддати узайтирилган тақдирда, полис томонларнинг қўшимча келишувига кўра белгиланадиган қўшимча суғурта тўлови тўланиши шарти билан амал қилишда давом этади.

Суғурталовчининг жавобгарлиги суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта пули билан чекланади. Қурилаётган объект тўлиқ қийматининг 80 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми ёки илгари бажарилган ишлар ҳажми, шу жумладан материаллар қиймати ҳисобга олинган ҳолда режалаштирилаётган йилда барпо этилаётган объект қийматининг бир қисми томонларнинг келишувига кўра суғурта пули бўлиши мумкин.

Низомга мувофиқ тузилган суғурта шартномалари бўйича қуйидагилар натижасида бевосита ёки билвосита пайдо бўладиган зарарлар қопланмайди.

Суғурталовчи шунингдек объектлар қурилишида фойдаланиладиган нуқсонли материаллар, буюмлар ёки уларнинг қисмлари алмаштирилиши, тузатилиши ёки созланиши қийматини, шунингдек ишларни амалга оширишдаги хатолар қийматини ҳам тўламайди. Ушбу истисно дахл қилинган нуқсонли материаллар ва буюмлар билангина бевосита чекланиб қолади, аммо материаллар ёки ишлардаги бундай нуқсонлар натижасида тўғри қурилган объектлар ва буюмларга етказилган зарар қопланишини истисно қилмайди.

Қуйидагилар суғурта билан қопланмайди:
  • ёнилғи-мойлаш материаллари;
  • кимёвий моддалар;
  • совутиш суюқликлари ва бошқа ёрдамчи материаллар;
  • суғурта қилинган объект томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (суғурталанган таваккалчиликлар учун зарур бўлган қурилиш объектларидан ташқари);
  • қимматбаҳо металлар, тошлар, санъат асарлари;
  • ҳужжатлар ва қимматли қоғозларнинг нобуд бўлиши ёки шикастланиши, шунингдек фақат хатлов пайтида аниқланган зарар;
  • бой берилган фойда ёки шартномавий жарималар сингари бирор-бир билвосита зарар.

Суғурталанувчи мазкур мол-мулк бўйича бошқа суғурта ташкилотлари билан тузилган барча суғурта шартномалари тўғрисида суғурталовчини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Суғурта товони тўлангандан кейин суғурталанувчи ёки суғурта шартномаси унинг фойдасига тузилган шахс етказилган зарар учун жавобгар шахсларга нисбатан зарарни тўлатишни талаб қилиш ҳуқуқи, тўланган сумма доирасида, суғурталовчига ўтади. Суғурталанувчи барча ҳужжатларни суғурталовчига беришга ва айбдор шахсга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур бўлган барча хатти-ҳаракатларни қилишга мажбур.

Chat