Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 41368 марта ўқилди

Ёшлар етакчисининг вазифалари

Ҳар бир маҳаллада ёшлар билан манзилли ишлаш учун ёшлар етакчиси фаолият юритади. Унинг асосий вазифалари:

  • маҳалладаги ёшлар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш;
  • ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва алоҳида эътибор талаб этадиган ёшларни аниқлаш;
  • ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, китобхонлик, ахборот технологиялари, маданият ва санъатга жалб қилиш;
  • ёшларни касбга ўқитиш, ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка йўналтиришга кўмаклашиш;
  • иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
  • ёшларда ватанпарварлик, ҳуқуқий маданият ва фуқаролик масъулиятини кучайтириш;
  • ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи бўлган ёшлар билан индивидуал ишлаш.

Мазкур вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги ПҚ-92-сон қарори билан белгиланган.

Ёрдам ажратиш бўйича ваколати

Ёшлар етакчиси муҳтож ёшларга субсидия, компенсация, кафиллик ёки бошқа қўллаб-қувватлаш чораларини ажратиш юзасидан тавсия киритади.

Тавсиянинг асослилиги, маълумотларнинг тўғрилиги ва ёрдамнинг адолатли тақсимланиши учун етакчи жавобгар ҳисобланади.

Муҳим: ёшлар етакчисининг тавсияси ёрдам ажратилгани ҳақидаги якуний қарор эмас. Якуний қарор тегишли жамғарма, васийлик кенгаши ёки ваколатли ташкилот томонидан белгиланган мезонлар асосида қабул қилинади.

Лавозимга тайинлаш

2026 йил 1 мартдан бошлаб маҳалладаги ёшлар етакчиси туман ёки шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сон қарори билан белгиланган.

Номзодга қўйиладиган малака талаблари ва унинг ёшлар билан ишлаш қобилияти Ёшлар ишлари агентлиги белгилаган тартиблар асосида баҳоланади.

Иш ҳақи ва рағбатлантириш

Ёшлар етакчисининг ойлик иш ҳақи маҳалладаги хонадонлар сонига қараб белгиланади:

  • 500 тагача хонадон бўлса — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари;
  • 501 тадан 1 000 тагача — 5,5 баравари;
  • 1 000 тадан ортиқ — 6 баравари.

Фаолият самарадорлиги натижаларига кўра етакчи ҳар чорак якунида ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотланиши мумкин.

Бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган етакчининг турар жой ижараси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача компенсация тўланиши мумкин.

Йил якунида юқори натижага эришган етакчиларга қонунчиликда белгиланган чекловлар доирасида ипотека кредити асосида олинаётган уй-жой қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилиши назарда тутилган.

Chat