Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 84600 марта ўқилди

Улаш жараёни

Газ тармоқларига улаш жараёни қуйидаги асосий босқичларни қамраб олади:

  • техник шартларни олиш;
  • газ таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • зарур бўлганда лойиҳани келишиш;
  • қурилиш-монтаж ишларини бажариш;
  • газ ҳисоблагичини ўрнатиш ва пломбалаш;
  • газ таъминоти шартномасини тузиш;
  • табиий газ етказиб беришни бошлаш.

Хизматдан жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши мумкин.

Техник шарт олиш учун мурожаат

Истеъмолчи Давлат хизматлари марказига шахсан ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади.

Шахсан мурожаат қилинганда сўровномани Давлат хизматлари маркази ходими истеъмолчи номидан тўлдиради. Электрон мурожаатда истеъмолчи сўровномани мустақил тўлдиради.

Зарур ҳолда сўровномада уланиш режалаштирилаётган газ коммуникацияларининг балансда сақловчиси розилиги мавжудлиги кўрсатилади.

Истеъмолчидан сўровномада назарда тутилмаган бошқа маълумотлар ёки ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Хизмат йиғими

Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинганда йиғим — БҲМнинг 10 фоизи.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда белгиланган йиғимнинг 90 фоизи, яъни БҲМнинг 9 фоизи ундирилади.

Жисмоний шахсларни газ тармоқларига улашда:

  • Ижтимоий реестрдаги «камбағал оила» аъзолари ва I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун — 50 фоиз;
  • «давлат таъминотидаги оила» аъзолари учун — 75 фоиз чегирма қўлланилади.

Техник шартларни бериш

Ҳудудий газ таъминоти ташкилоти сўровнома келиб тушганидан кейин 3 иш куни мобайнида:

  • объектни ўрганиш натижасига асосан QR-кодли техник шартларни ишлаб чиқади;
  • уларни Давлат хизматлари марказига ёки истеъмолчига ЯИДХП орқали юборади;
  • ёхуд қонунчиликда белгиланган асос бўйича техник шарт беришни рад этади.

Ҳудудий газ таъминоти ташкилоти лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва созлаш-ишга тушириш ишларига доир тижорат таклифлари ҳамда шартнома лойиҳаларини ҳам юбориши мумкин. Уларда ишларнинг муддатлари ва харажатлар калькуляцияси кўрсатилиши шарт.

Техник шарт талаб этилмайдиган ҳолатлар

Маиший истеъмолчиларнинг:

  • хонадонлари;
  • шахсий уй-жойлари;
  • дала ҳовлилари;
  • ёрдамчи хўжаликлари;
  • шахсий томорқа боғ объектларини газ тармоқларига улашда техник шарт ишлаб чиқиш талаб этилмайди.

Бундай объектлар учун тегишли лицензияга эга лойиҳалаш ташкилоти ишлаб чиққан лойиҳа ҳужжатлари қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун асос бўлади. Лойиҳани ҳудудий газ таъминоти ташкилоти билан келишиш ихтиёрий.

Шунингдек, техник шарт ва янги газ таъминоти лойиҳаси қуйидаги ҳолларда талаб этилмайди:

  • бирламчи техник шарти мавжуд объект бошқа шахсга ўтказилганда ва газ жиҳозлари, истеъмол ҳажми ҳамда уланиш нуқтаси ўзгармаганда;
  • фуқаронинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда;
  • юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки фирма номи ўзгарганда.

Рад этиш

Объект жойлашган ҳудудда истеъмолчини табиий газ билан таъминлаш имконини берадиган қувватга эга газ тақсимоти тармоғи мавжуд эмаслиги техник шарт беришни рад этиш учун асос бўлади.

Сўровномада газ истеъмоли юкламаси нотўғри кўрсатилган бўлса, масъул ходимлар объектни ўрганиши ёки истеъмолчи билан боғланиб юклама ҳажмига аниқлик киритиши керак.

Қонунчиликда назарда тутилмаган бошқа асослар бўйича техник шарт беришни рад этиш тақиқланади.

Газ таъминоти лойиҳаси

Техник шарт олингандан кейин истеъмолчи газ таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш учун ҳудудий газ таъминоти ташкилоти ёки бошқа лойиҳалаш ташкилоти билан шартнома тузиши мумкин.

Лойиҳа тайёрлангач, лойиҳалаш ташкилоти уни келишиш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали тақдим этади. Сўровномага газ таъминоти лойиҳасининг электрон шакли илова қилинади.

Агар лойиҳа ҳудудий газ таъминоти ташкилотининг ўзи томонидан ишлаб чиқилган бўлса, уни алоҳида келишиш талаб этилмайди.

Лойиҳани келишиш

Ҳудудий газ таъминоти ташкилоти лойиҳани 3 иш куни мобайнида кўриб чиқади.

Келишиш натижасида:

  • QR-кодли хулоса расмийлаштирилади;
  • хулоса ташкилотнинг ЭРИси билан тасдиқланади;
  • электрон шаклда лойиҳалаш ташкилотига юборилади.

Келишилган газ таъминоти лойиҳаси қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун асос ҳисобланади.

Лойиҳанинг техник шартлар талабларидан четга чиқиши келишишни рад этиш учун асос бўлади. Камчиликлар бартараф этилгандан кейин қайта келишиш 1 иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Қурилиш-монтаж ишлари

Лойиҳа келишилганидан кейин истеъмолчи ҳудудий газ таъминоти ташкилоти ёки бошқа қурилиш-монтаж ташкилоти билан шартнома тузади.

Қурилиш-монтаж ишлари шартномада белгиланган муддатларда бажарилади.

Ҳисоблагични пломбалаш ва шартнома тузиш

Қурилиш-монтаж ишлари якунлангач, истеъмолчи газ ҳисоблагичини пломбалаш ва газ таъминоти шартномасини тузиш учун Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали сўровнома беради.

Ҳудудий газ таъминоти ташкилоти сўровнома келиб тушганидан кейин 1 иш куни мобайнида:

  • объектга чиқади;
  • газ ҳисоблагичини пломбалайди;
  • пломбалаш далолатномасини расмийлаштиради.

Ҳисоблагич пломбаланган куннинг ўзида газ таъминоти шартномаси ва далолатнома истеъмолчига юборилади.

Истеъмолчи шартномани 5 иш куни мобайнида тасдиқлайди. Табиий газ шартномада назарда тутилган тўлов амалга оширилгандан кейин етказиб берилади.

Chat