Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31714 марта ўқилди

Тиббий-ижтимоий ёрдам

Ногиронлиги бўлган болалар давлат томонидан кафолатланган тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ёрдам қуйидагиларни қамраб олиши мумкин:

  • профилактика ва тиббий кўрик;
  • ташхис қўйиш ва даволаш;
  • тиббий, ижтимоий, педагогик ва психологик реабилитация;
  • абилитация;
  • протез-ортопедия мосламалари;
  • эшитиш, кўриш ва ҳаракатланишга ёрдам берувчи воситалар;
  • уйда парваришлаш ва ижтимоий хизматлар;
  • қонунчиликда белгиланган пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар.

Ногиронлиги бўлган болага хизмат кўрсатишда камситишга йўл қўйилмайди. Хизматлар боланинг ёши, соғлиғи, индивидуал эҳтиёжи ва энг устун манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилиши керак.

Реабилитация ва абилитация

Реабилитация — боланинг бузилган ёки йўқолган функцияларини сақлаш, тиклаш ва унинг мустақил ҳаёт кечиришига кўмаклашишга қаратилган чоралар мажмуи.

Абилитация эса туғма ёки ривожланмаган функцияларни шакллантириш, боланинг жамият ҳаётига мослашишига ёрдам беришга қаратилган тиббий, ижтимоий, педагогик ва психологик тадбирларни қамраб олади.

Реабилитация ва абилитация хизматлари боланинг якка тартибдаги дастури ва тиббий кўрсатмалар асосида ташкил этилади.

Реабилитация воситаларини олиш

Протез мосламаси ёки реабилитация воситасига эҳтиёж тегишли тиббий хулоса асосида белгиланади. Тизимда зарур маълумотлар мавжуд бўлса, бола ёки унинг қонуний вакили учун «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ваучер шакллантирилади.

Ваучер шакллангани ҳақида телефон рақамига СМС-хабар юборилади. Қонуний вакил ваучерга мувофиқ воситани электрон савдо платформаси ёки белгиланган электрон савдо майдончаси орқали танлайди.

Агар танланган маҳсулот нархи ваучер қийматидан юқори бўлса, нархлар ўртасидаги фарқ қонуний вакил томонидан тўланади.

Протез мосламаси ёки реабилитация воситаси техник паспорт ва ўзбек ҳамда рус тилларидаги фойдаланиш йўриқномаси билан топширилиши шарт.

Хизматни олишда муаммо юзага келса, яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ёки судга мурожаат қилиш мумкин.

Chat