Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7256 марта ўқилди

Вояга етмаган шахсга айблов эълон қилиш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этади.

  • Вояга етмаган гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш ҳимоячи, қонуний вакил иштирокида амалга оширилади.
  • Ҳимоячи ва қонуний вакил гумон қилинувчига ва айбланувчига саволлар беришга ҳақли. Сўроқ якунлангач, ҳимоячи ва қонуний вакил баённома билан танишишга ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдиришга ҳақли.

Вояга етмаган гумон қилинувчини, айбланувчини сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда олти соатдан ошмаслиги керак.

Сўроқ қилишда педагогнинг ва психологнинг иштироки

  • Вояга етмаган гумон қилинувчини ёки айбланувчини сўроқ қилишда суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг ихтиёрига кўра ёхуд вояга етмаган гумон қилинувчи ёки айбланувчи ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосига биноан педагог ва (ёки) психолог иштирок этиши мумкин. Педагогнинг ва (ёки) психологнинг иштирокини таъминлаш жиноят ишини юритаётган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг зиммасига юклатилади. Педагог ва (ёки) психолог суриштирувчининг, терговчининг рухсати билан гумон қилинувчига ёки айбланувчига саволлар беришга, сўроқ тугаганидан сўнг эса, сўроқ баённомаси билан танишиб, баённомадаги ёзувларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги ҳақида ўз фикрларини ёзма шаклда баён этишга ҳақлидир. Бу ҳуқуқлар суриштирувчи, терговчи томонидан педагогга ва (ёки) психологга вояга етмаган шахсни сўроқ қилишдан олдин тушунтирилади ва бу ҳақда сўроқ баённомасида қайд қилинади.
Chat