Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 10040 марта ўқилди

Қайси корхоналарга тааллуқли

Президентнинг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ–101-сон Фармонида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари давлат иштирокидаги корхоналар сифатида назарда тутилган.

Тақиқланган ҳаракатлар

Президент ёки Ҳукумат қарорларида алоҳида назарда тутилмаган бўлса, давлат иштирокидаги корхоналарга:

  • асосий фаолиятига хос бўлмаган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки қуриш;
  • рақобат ривожланган соҳада асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган қўшимча фаолият билан шуғулланиш;
  • асосий фаолиятига хос бўлмаган хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш ёки уларнинг улушини сотиб олиш тақиқланади.

Мазкур тақиқлар Президент ёки Ҳукумат қарори билан рухсат берилган ҳолатларга татбиқ этилмайди.

Кузатув кенгашининг қарори талаб қилинадиган ҳолатлар

Давлат иштирокидаги корхона:

  • асосий фаолиятига хос янги кўчмас мулк объектини сотиб олса ёки қурса;
  • хўжалик жамияти устав капиталидаги улушни сотиб олса;
  • асосий фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланса,

бу ҳаракатлар кузатув кенгашининг қарорига асосан амалга оширилиши керак.

Давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат улуши 50 фоиз ёки ундан юқори бўлган тижорат банклари томонидан мол-мулкни бегоналаштириш, уни сотиш усулини белгилаш ёки учинчи шахсларнинг устав капиталига инвестиция киритишига доир келишувлар ҳам кузатув кенгаши билан келишилади.

Ҳомийлик харажатлари

Давлат иштирокидаги корхонанинг йиллик ҳомийлик харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги керак.

Бундай харажатларга бизнес-режанинг ўтган ҳисобот давридаги соф фойда бўйича кўрсаткичлари бажарилгандагина йўл қўйилади.

Президент ёки Ҳукумат қарорларида алоҳида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Chat