Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19888 марта ўқилди

Кимлар психологик ёрдам олиши мумкин?

Психологик ёрдам «Аёллар дафтари»нинг 4-тоифасига киритилган тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларга кўрсатилади.

Улар жумласига низоли оилада яшаётган, профилактик ёки наркологик ҳисобда турган, миграциядан қайтган, ёлғиз ёки бошқа оғир ижтимоий вазиятдаги хотин-қизлар кириши мумкин.

Психологик ёрдам — хотин-қизнинг руҳий ҳолатини барқарорлаштириш, ички зиддият ва оғир ҳаётий вазиятни енгиб ўтишига кўмаклашувчи профессионал хизмат.

Психологик хизмат қандай кўрсатилади?

Психологик ёрдам тегишли ҳуқуқ ёки лицензияга эга психологлар томонидан 10 нафардан 30 нафаргача хотин-қиздан иборат гуруҳга 7 кунлик сеанслар шаклида кўрсатилади.

Бир гуруҳ учун хизмат қиймати:

  • Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида — БҲМнинг 5 бараваригача;
  • бошқа туман ва шаҳарларда — БҲМнинг 3 бараваригача қопланади.

Мазкур ёрдам бир хотин-қизга бир йилда бир марта кўрсатилади. Маблағ психологик хизмат кўрсатган шахс ёки ташкилотга шартнома асосида тўланади.

Кимларга ҳуқуқий ёрдам берилади?

Ҳуқуқий ёрдам «Аёллар дафтари»нинг 5-тоифасига киритилган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга кўрсатилади.

Ёрдам ажрим, яраштирув, алимент, судга мурожаат қилиш, ҳужжатларни тиклаш ва бошқа ҳуқуқий масалаларни қамраб олиши мумкин.

Ҳуқуқий ёрдам — ҳуқуқий тушунтириш бериш, ҳужжатларни тайёрлашга кўмаклашиш ва белгиланган ҳолларда ҳуқуқий харажатларни қоплаш.

Ҳуқуқий семинарлар қандай молиялаштирилади?

10–30 нафар хотин-қиз учун бир марталик ҳуқуқий семинар ёки ўқув харажати:

  • Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида — БҲМнинг 1 бараваригача;
  • бошқа туман ва шаҳарларда — БҲМнинг 50 фоизигача қопланади.

Семинарлар малакали ҳуқуқшунос ёки адвокатлар иштирокида ташкил этилади.

Қайси давлат божлари тўлаб берилиши мумкин?

Ижтимоий реестрда турган хотин-қизлар учун:

  • туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш;
  • ID-карта ёки биометрик паспорт олиш;
  • судга даъво аризаси киритиш

билан боғлиқ давлат божлари тўлиқ миқдорда қопланиши мумкин.

Суд божини тўлаш учун «маҳалла еттилиги» тавсияси ва billing.sud.uz платформасида шаклланган инвойс маълумоти талаб қилинади.

Қандай мурожаат қилинади?

Хотин-қиз психологик ёки ҳуқуқий муаммосини маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ёки «маҳалла еттилиги»га билдириши мумкин. Эҳтиёж ўрганилиб, хотин-қиз тегишли тоифага киритилади ва ёрдам индивидуал дастурда белгиланади.

Ёрдамдан асоссиз рад этилса, юқори турувчи Оила ва хотин-қизлар органига ёки маъмурий судга шикоят қилиш мумкин.

Chat