Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31514 марта ўқилди

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари нималарга  сарфланади | NORMA.UZ

Мониторинг нима орқали амалга оширилади?

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизни қўллаб-қувватлаш чоралари индивидуал дастур орқали назорат қилинади. Индивидуал дастурни «маҳалла еттилиги» юритади.

Индивидуал дастур — хотин-қизнинг аниқланган муаммоси, унга кўрсатиладиган ёрдам, бажариш муддати ва масъул ташкилотларни белгилайдиган ҳужжат.

Анкета-сўровнома ва индивидуал дастурнинг асл нусхалари туман ёки шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимида 5 йил сақланади.

Ёрдамнинг бажарилгани қандай қайд этилади?

Индивидуал дастурда белгиланган чорани бажариш тегишли масъул ташкилот зиммасига юкланади. Натижа ва бажарилган ишлар дастурда ҳамда «Аёллар дафтари» ахборот тизимида қайд этилади.

Масъул ходимлар ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини ҳал этиш бўйича ҳисоботларни ҳар иш куни соат 18:00 гача ахборот тизимига киритади.

Маълумотларни ким текширади?

Туман ёки шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ахборот тизимига киритилган маълумотларни кўриб чиқади, таҳлил қилади ва уларнинг асослилигини ўрганади.

Маълумотлар ҳар 10 кунда туман ёки шаҳар ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалаларига масъул ўринбосарига тақдим этилади. Ҳоким ўринбосари ҳар ойнинг 1-санасига қадар натижаларни масъул ташкилотлар ва «маҳалла еттилиги» билан таҳлил қилади.

Кенгашга қандай ҳисобот берилади?

Ҳокимнинг масъул ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи ҳамда масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳар чорак якунида индивидуал дастурлар бажарилиши бўйича халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгашига ахборот беради.

Кенгаш сессиясида ҳисоботлар эшитилади ва масъулларнинг фаолиятига баҳо берилади. Ҳудудий маълумотлар ҳар ой умумлаштирилиб, кейинги ойнинг 5-санасига қадар Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилади.

Индивидуал дастур ўзгартирилиши мумкинми?

Хотин-қизнинг вазияти ёки эҳтиёжи ўзгарса, индивидуал дастурга «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.

Шу сабабли хотин-қиз дастурдаги ёрдам унинг ҳақиқий эҳтиёжига мос келмаса ёки ёрдам бажарилмаган бўлса, дастурни қайта кўриб чиқишни сўраши мумкин.

Хотин-қиз қачон дафтардан чиқарилади?

Индивидуал дастурдаги чора-тадбирлар тўлиқ бажарилгани хотин-қиз ва масъуллар томонидан тасдиқлангандан кейин уни дафтардан чиқариш масаласи халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгашига киритилади.

Кенгаш қарори қабул қилингач:

  • маълумот 3 кундан кечикмай ахборот тизимига киритилади;
  • хотин-қиз 5 кун ичида ёзма равишда хабардор қилинади.

Индивидуал дастурдаги муаммолар амалда ҳал этилмаган бўлса, хотин-қиз қарор устидан юқори турувчи органга ёки маъмурий судга шикоят қилиши мумкин.

Chat