Субсидия Президент мактабини тамомлаб, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган:
— хорижий олий таълим ташкилотига;
— хорижий ОТМнинг Ўзбекистондаги филиалига;
— нодавлат олий таълим ташкилотига
тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган битирувчиларга берилади.
Субсидия — Президент мактаби битирувчисининг тўлов-контракт харажатини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан белгиланган миқдорда қоплаб бериш.
Эслатма: мазкур субсидия чет элнинг ўзида жойлашган университетда ўқиш харажати учун берилмайди. ОТМ ёки унинг филиали Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган бўлиши керак.
Президент мактаби битирувчисининг бир ўқув йили учун тўлов-контракт суммаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Бунда бир йил учун ажратиладиган субсидия миқдори 100 БҲМдан ошмаслиги керак.
Агар контракт суммаси 100 БҲМдан кам бўлса, контрактнинг тўлиқ суммаси қопланади.
Талаба академик ўзлаштириши қониқарсиз бўлгани сабабли фан ёки курсни қайта ўқишига тўғри келса, бу билан боғлиқ қўшимча харажатлар талабанинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.
Талабгор ҳар бир ўқув йилида 15 декабрга қадар ваколатли Агентликка ариза билан мурожаат қилади.
Аризага:
— ОТМга қабул қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома;
— тўлов-контракт асосида ўқиш тўғрисидаги шартнома илова қилинади.
Ариза 3 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Ижобий қарор қабул қилинса, Агентлик, олий таълим ташкилоти ва талабгор ўртасида 2 иш куни ичида уч томонлама шартнома тузилади.
Субсидиядан фойдаланиш учун талабгор ўқишни тугатгандан кейин эгаллаган мутахассислиги бўйича 5 йилгача тўлиқ бандлик режимида ишлаб бериш мажбуриятини қабул қилади.
Ишлаш Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган ташкилотларда Агентлик белгилаган тартиб асосида амалга оширилади.
Агар субсидия олган талаба магистратура ёки докторантурада ўқишини давом эттирса, мажбурий ишлаб бериш муддати тегишли кейинги таълим босқичи тугаганидан кейин бошланади.
Ушбу механизм Президент мактаблари битирувчиларига Ўзбекистонда фаолият юритаётган нуфузли хорижий ва нодавлат ОТМларда таълим олиш имкониятини кенгайтириш, шу билан бирга уларнинг олган билимларини кейинчалик мамлакатдаги ташкилотларда қўллашини рағбатлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 02.06.2022 йилдаги 300-сон