Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12098 марта ўқилди

Қайси орган хабардор қилинади?

ННТ режалаштирилаётган тадбир ҳақида уни давлат рўйхатидан ўтказган ёки ҳисобга қўйган тегишли адлия органини олдиндан хабардор қилиши керак. Хабарнома Нодавлат нотижорат ташкилотларининг электрон платформаси орқали юборилади.

Икки ёки ундан ортиқ ННТ биргаликда тадбир ўтказса, улардан бирининг тегишли адлия органини хабардор қилиши етарли. Бироқ ННТ вакилларининг ташкилот фаолияти билан боғлиқ хорижий ташрифи ташкил этилганда ҳар бир ННТ алоҳида хабар бериши керак.

Хабарнома қанча вақт олдин юборилади?

Умумий тартибда:

  • Ўзбекистонда чет эл фуқаролари иштирокисиз тадбир ўтказилса — камида 10 кун олдин;
  • Ўзбекистонда чет эл фуқаролари иштирокида ёки хорижий давлат ҳудудида тадбир ўтказилса — камида 20 кун олдин;
  • ННТ вакилларининг ННТ фаолияти билан боғлиқ хорижий ташрифи ташкил этилса — камида 7 кун олдин хабар берилади.

Қачон 3 иш кунлик муддат қўлланади?

Айрим тадбирлар ҳақида камида 3 иш куни олдин хабар бериш мумкин. Жумладан:

  • ННТ раҳбар органининг устав ёки низомга мувофиқ йиғилиши;
  • тегишли лицензия ёки рухсатнома доирасидаги тадбир;
  • Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари, давлат дастурлари ва миллий режаларда назарда тутилган тадбир;
  • Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ёки унинг алоҳида бўлинмалари ажратган давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси доирасидаги тадбир;
  • Спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тасдиқлаган ёки келишган режалар асосидаги оммавий спорт тадбири;
  • белгиланган тартибда рухсатнома олинган оммавий тадбирлар.

Қачон 1 кун олдин хабар бериш мумкин?

ННТ вакилларининг хорижий ташрифи:

  • Олий Мажлис палаталари, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқлари асосида;
  • Олимпия ўйинлари ёки бошқа халқаро спорт мусобақалари доирасида

ташкил этилса, тегишли адлия органига камида 1 кун олдин хабар берилади.

Тадбир маълумотлари ўзгарса нима қилиш керак?

Хабарномадаги маълумотлар ўзгарса, ўзгарган маълумотлар тадбирдан камида 3 иш куни олдин, хорижий ташрифлар бўйича эса камида 1 иш куни олдин қайта юборилади.

Агар ННТ тадбирни ўтказмасликка қарор қилса, юборилган хабарномани бекор қилиши лозим.

Эслатма: хабарномани юборувчи ваколатли шахс ундаги маълумотларнинг тўғрилиги ва хабарноманинг ўз вақтида юборилиши учун масъул ҳисобланади.

Chat