Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4777 марта ўқилди

Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича давлат хизматлари

  • Мазкур Регламентнинг амал қилиши бино ва иншоотнинг ҳажми ва майдонини ўзгартирмасдан туриб кўча (кўчалар)дан кўринадиган олд ва ён фасадлар (фасад майдонининг 25 фоизидан ортиқ қисми)даги архитектуравий элементлар (цоколи, қуёшдан ҳимоялаш элементлари, парапетлари, устунлари, томи, деразалари, пешайвони, айвонлари ва шу кабилар)нинг ранги, конфигурацияси ва ўлчамлари ўзгартирилишига татбиқ этилади.    
  • Бино ва иншоотнинг, якка тартибдаги уй-жойнинг ташқи кўринишини ўзгартириш бўйича агар бино ва иншоот, якка тартибдаги уй-жой магистрал кўчалар, халқаро, давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўллари бўйлаб жойлашган ҳолларда фасад майдонининг 25 фоизидан ортиқ қисмидан қатъи назар келишиш талаб этилади.    

Якка тартибдаги уй-жойлар, туманларнинг маъмурий маркази бўлмаган шаҳарчаларда, қишлоқ аҳоли пунктлари (қишлоқ ва овуллар)да ҳамда аҳоли пунктлари ташқарисида жойлашган бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш учун келишиш талаб этилмайди.


Бино ва иншоот фасадининг эскиз лойиҳаси тегишли лицензияси бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилади.

  • Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиргандан сўнг объектни фойдаланишга қабул қилиш талаб этилмайди.

Давлат хизмати кўрсатиш тартиби
  • Ариза берувчилар бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
  • Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
  • Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга келиб тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.
  • Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
  • Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Қуйидагилар бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишни рад этиш учун асос бўлади
  1. сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;
  2. давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик;
  3. лойиҳада бино ва иншоотнинг ҳажми ва майдони ўзгарганлиги;
  4. бино ва иншоотнинг авария ҳолатида эканлиги;
  5. бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги;
  6. лойиҳа тегишли лицензияси бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилмаганлиги;
  7. бинолар ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги, зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи юк кўтарувчи қисмларининг ўзгариши назарда тутилганлиги;
  8. бино ва иншоот фасади эскиз лойиҳасининг қонунчилик талабларига, шу жумладан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мос келмаслиги;
  9. ваколатли органга ариза берувчи томонидан объектни ўрганиш учун имконият яратилмаганлиги;
  10. тақиқда турган объектлар;
  11. бино ва иншоотларни улушдорларидан бирининг розилиги бўлмаса;
  12. давлат рўйхатидан ўтказувчи органда ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг мавжудлиги.

  • Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.
  • Ариза берувчи бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш рад этилган кундан бошлаб 10 (ўн) иш куни мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғим тўламасдан кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
  • Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар ариза берувчи томонидан бартараф қилинган тақдирда, такроран келишиш сўровнома такроран тушган кундан бошлаб 3 (уч) иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.


  • Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш схемаси
Chat