Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13058 марта ўқилди

Уй-жой ижара шартномаси ёзма бўлиши шартми?

Ҳа. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасидаги шартнома давлат солиқ органида ҳам ҳисобга қўйилиши лозим.

Ижарага берувчи уни шартнома тузилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай ҳисобга қўйиши керак. Шартномани ҳисобга қўйиш бепул.

Шартнома қанча муддатга тузилади?

Уй-жой ижара шартномаси 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.

Агар шартномада муддат умуман кўрсатилмаган бўлса, у 5 йилга тузилган деб ҳисобланади. 1 йилгача бўлган шартнома қисқа муддатли ижара ҳисобланади ва унга айрим махсус қоидалар татбиқ этилмайди.

Ижара ҳақи миқдорини ким белгилайди?

Ижара ҳақи миқдори тарафларнинг келишуви билан шартномада белгиланади.

Қонун ёки шартномада бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, уни бир томонлама ошириш ёки камайтириш мумкин эмас.

Агар тўлов муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, ижара ҳақи ҳар ой тўланади.

Уй эгаси истаган пайт ижарага олувчини чиқариб юбориши мумкинми?

Йўқ. Амалдаги шартнома тарафлар келишуви ёки қонунда белгиланган асослар бўйича бекор қилинади.

Ижарага берувчининг талаби бўйича шартномани мажбурий бекор қилиш, жумладан:

  • ҳақ 6 ой мобайнида тўланмаса;
  • қисқа муддатли ижарада ҳақ 2 мартадан кўпроқ тўланмаса;
  • уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса;
  • уй-жойдан ғайриҳуқуқий мақсадда фойдаланилса суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

Ижарага олувчи шартномани ўзи бекор қила оладими?

Ҳа. Ижарага олувчи ўзи билан доимий яшайдиган фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини 3 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, шартномани исталган вақтда бекор қилиши мумкин.

Тарафлар ўзаро келишиб шартномани бошқа муддатда ҳам бекор қилишлари мумкин.

Шартномасиз уйни ижарага бериш учун жавобгарлик борми?

Ҳа. Фуқаролар ўртасида турар жойни ижара шартномасисиз бериш ёки шартномани давлат солиқ органида мажбурий ҳисобга қўймаслик 5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима солинишига сабаб бўлади.

Уйни бошқа одамга иккиламчи ижарага бериш мумкинми?

Ҳа, ижарага берувчининг розилиги билан.

Иккиламчи ижара:

  • ҳақ эвазига бўлади;
  • асосий шартнома муддатидан узоқ давом этиши мумкин эмас;
  • асосий шартнома муддатидан олдин бекор қилинса, у ҳам тугайди.

Асосий ижарага берувчи олдида жавобгарлик асосий ижарага олувчида қолади.

Бошқа одамларни вақтинча яшатиш мумкинми?

Умумий қоида бўйича ижарага олувчи ва у билан доимий яшайдиган шахслар ижарага берувчини олдиндан хабардор қилиб, бошқа фуқароларга уйда вақтинча ва бепул яшашга рухсат бериши мумкин.

Вақтинча яшаш муддати 6 ойдан ошмаслиги керак. Қисқа муддатли ижара учун алоҳида истиснолар мавжуд.

Ижара шартномаси билан вақтинча рўйхатдан ўтиш мумкинми?

Ҳа. Турар жой эгаси шартномани солиқ органида ҳисобга қўяётганда унда кўрсатилган ижарага олувчиларни шартнома муддатига вақтинча рўйхатга қўйиш учун сўров юбориши мумкин.

Шартнома тугаганда ёки муддатидан олдин бекор қилинганда ушбу вақтинча рўйхат ҳам автоматик бекор қилинади.

Квартира сотилса, ижара шартномаси ҳам бекор бўладими?

Йўқ. Ижарада турган уй-жойга мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши шартномани автоматик бекор қилмайди.

Янги мулкдор амалдаги шартнома бўйича ижарага берувчига айланади.

Жорий ва капитал таъмирни ким қилади?

Агар шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса:

  • жорий таъмир — ижарага олувчининг;
  • капитал таъмир — ижарага берувчининг зиммасида бўлади.

Эслатма: ижара шартномасида ижара ҳақи, тўлов санаси, коммунал харажатлар, доимий яшовчилар ва уй-жойни қайтариш тартибини аниқ белгилаш низо чиқиш эҳтимолини камайтиради.

Chat