Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15838 марта ўқилди

Боланинг ахборот олиш ҳуқуқи

Ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зарар етказмайдиган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда чекланиши мумкин.

Болалар ўртасида қуйидаги ахборотни тарқатишга йўл қўйилмайди:

  • порнографик хусусиятдаги материаллар;
  • шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи ахборот;
  • инсон қадр-қимматини камситувчи материаллар;
  • болани ҳуқуқбузарлик ёки бошқа хавфли хатти-ҳаракатларга ундайдиган ахборот;
  • боланинг жисмоний, руҳий ёки маънавий ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган бошқа материаллар.

Боланинг ахборот олиш ҳуқуқи уни зарарли ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш мажбурияти билан бирга таъминланади.

Алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар

Оғир турмуш шароитида қолган ва давлат ҳамда жамиятнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига муҳтож болалар жумласига, хусусан:

  • ногиронлиги бўлган болалар;
  • жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  • муқобил жойлаштириш ёки ихтисослаштирилган муассасаларда тарбияланаётган болалар;
  • доимий яшаш жойига эга бўлмаган болалар;
  • кам таъминланган оилалардаги болалар;
  • жиноят процесси ёки жазони ижро этиш тизимига жалб этилган болалар;
  • зўравонлик, эксплуатация, қуролли можаро ёки фавқулодда вазиятлардан жабрланган болалар киради.

Уларга ижтимоий, тиббий, психологик, педагогик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши лозим.

Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш

Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш унинг қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ва (ёки) психолог ёхуд жабрланувчи вакили иштирокида ўтказилади.

Сўроқнинг бир кунлик давомийлиги:

  • 7 ёшгача — танаффуссиз 30 дақиқа, жами 1 соат;
  • 7 ёшдан 14 ёшгача — танаффуссиз 1 соат, жами 2 соат;
  • 14 ёшдан 18 ёшгача — танаффуссиз 2 соат, жами 4 соатдан ошмаслиги керак.

Болага руҳий ёки жисмоний босим ўтказиш, уни кўрсатув беришга ёки айбини тан олишга мажбурлаш тақиқланади.

Ҳимоячининг мажбурий иштироки ҳақидаги қоида, аввало, вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига тааллуқли. Вояга етмаган гувоҳнинг ҳуқуқлари эса унинг қонуний вакили ва процессда иштирок этувчи бошқа шахслар орқали ҳимоя қилинади.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат томонидан:

  • тарбия, таълим ва тиббий хизмат;
  • озиқ-овқат, кийим-бош ва бошқа зарур таъминот;
  • муқобил жойлаштириш;
  • уй-жой билан таъминлаш ёки уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
  • мустақил ҳаётга тайёрлаш ва ижтимоий мослаштириш чоралари таъминланади.

Болани жойлаштиришда унинг энг устун манфаатлари, оила муҳитида тарбияланиш имконияти ва фикри инобатга олиниши керак.

Ушбу муносабатлар «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори билан тартибга солинади.

Chat