Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 56035 марта ўқилди

Жамоа шартномасининг аҳамияти

Жамоа шартномасида фақат қонундаги умумий қоидаларни такрорлаш шарт эмас. Ташкилотнинг иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб, ходимлар учун қонунчиликда назарда тутилганидан қулайроқ шартлар ва қўшимча имтиёзлар белгилаш мумкин.

Масалан:

  • қўшимча таътил;
  • иш ҳақи, устама ва мукофотларга оид шартлар;
  • транспорт ёки хизмат сафари харажатларини қоплаш;
  • ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта;
  • ўқиш харажатларига ёрдам;
  • овқатланиш, алоқа ёки Интернет харажатларини қоплаш;
  • ходимлар учун бошқа ижтимоий имтиёзлар назарда тутилиши мумкин.

Жамоа шартномасида нималар белгиланади?

Жамоа шартномасида, одатда:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори;
  • мукофот, устама ва компенсациялар;
  • иш вақти ва дам олиш вақти;
  • таътиллар;
  • ходимларнинг бандлиги ва малакасини ошириш;
  • меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазаси;
  • аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва 18 ёшга тўлмаган ходимлар учун кафолатлар;
  • ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимлар учун имтиёзлар;
  • шартноманинг бажарилишини назорат қилиш тартиби каби масалалар белгиланиши мумкин.

Муҳим: жамоа шартномаси ходимнинг қонунчилик ёки унга татбиқ этиладиган жамоа келишувида белгиланган ҳолатини ёмонлаштириши мумкин эмас. Бундай шарт киритилган бўлса, айнан шу шарт ҳақиқий эмас ҳисобланади.

Жамоа шартномаси қандай қабул қилинади?

Лойиҳа дастлаб ходимлар иштирокида муҳокама қилинади. Таклиф ва мулоҳазалар ҳисобга олинганидан кейин у меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ёки конференциясига киритилади.

Жамоа шартномаси йиғилишда иштирок этаётганларнинг 50 фоизидан кўпроғи уни ёқлаб овоз берса, маъқулланган ҳисобланади.

Агар лойиҳа маъқулланмаса, у қайта ишланиб, 15 кун ичида яна кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Маъқулланган шартнома тарафлар вакиллари томонидан 3 кун ичида имзоланиши керак.

Шартнома кимларга татбиқ этилади?

Жамоа шартномаси ташкилотнинг барча ходимларига татбиқ этилади.

Бу қоида шартнома қабул қилинган пайтда ишлаётган ходимларгагина эмас, балки у кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган ходимларга ҳам тааллуқли.

Эслатма: ходим жамоа шартномасини қабул қилишда шахсан қатнашмаган ёки кейинроқ ишга кирган бўлса ҳам, ушбу шартномадаги унга тегишли кафолат ва қоидалардан фойдаланади.

Амал қилиш муддати

  • Жамоа шартномаси имзоланган кундан ёки унда белгиланган санадан кучга киради ва кўпи билан 3 йил амал қилади.
  • Муддат тугагач, янги шартнома тузилгунига ёки амалдаги шартнома ўзгартирилгунига қадар унинг амал қилиши давом этади. Тарафлар шартнома муддати тугамасидан олдин уни узайтиришлари ҳам мумкин.
  • Иш берувчи шартнома кучга кирганидан кейин ходимларни у билан 10 кундан кечиктирмай, имзо қўйдирган ҳолда таништириши шарт.
Chat