Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 6507 марта ўқилди

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланган бўлиши, овоз бериш бюллетенлари тақдим этиладиган жой аниқланган ва овоз бериш қутилари ўрнатилган бўлиши лозим. Овоз бериш қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.

Туман, шаҳар ҳокимлиги овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир участкани бино билан таъминлайди.

Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида 10 кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.

Овоз бериш биносига келгач, фуқаро участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади.

Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «☑️» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш фуқаронинг турган жойида ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияси фуқароларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда фуқароларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Chat