Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9315 марта ўқилди

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак.

 

Ҳисоб-китоб ходимга:
  • охиригача олинмаган иш ҳақини;
  • ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни;
  • агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади.

Иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади.

Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай тўланиши керак.

Ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги даврда бирор-бир тўловлар (ой, чорак, йил якунлари бўйича мукофотлар) ҳисобланган тақдирда, ушбу тўловлар ходим томонидан тегишли талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай амалга оширилади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли бўлган суммаларнинг миқдорлари тўғрисида низо чиққан тақдирда, иш берувчи унга шак-шубҳасиз тегадиган суммани ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган муддатда тўлаши шарт.

  • Меҳнат шартномаси ушбу Кодекснинг 173-моддаси иккинчи қисмида санаб ўтилган асосларга кўра бекор қилинганда, ҳисоб-китоб қилиш чоғида иш берувчи ходимга ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тўловлардан ташқари ишдан бўшатиш нафақасини тўлаши шарт.
  • Ходимни меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантиришнинг ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган муддати мутаносиб пулли компенсация билан алмаштирилган тақдирда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда иш берувчи ходимга тегишли компенсацияни тўлаши шарт.
Chat