Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23228 марта ўқилди

Ҳар ким қонунчиликда тақиқланмаган меҳнат фаолиятини амалга ошириш, ўз касби ва фаолият турини, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқига эга.


Фуқаро иш топиш учун:

  • иш берувчига бевосита мурожаат қилиши;
  • маҳаллий меҳнат органларининг бепул кўмагидан фойдаланиши;
  • хусусий бандлик агентликлари хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Давлат нималарни кафолатлайди?

Давлат қуйидагиларни кафолатлайди:

  • бандлик турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини;
  • ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ҳимояланишни;
  • қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказиш, ишдан четлаштириш ва меҳнат шартномасини бекор қилишдан ҳимояланишни;
  • мақбул келадиган ишни танлаш ва ишга жойлашишда бепул кўмак олишни;
  • касб эгаллаш, ишга жойлашиш, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ва хизмат поғоналари бўйича кўтарилишда тенг имкониятларни;
  • иш қидираётган шахслар ва ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга кўмаклашишни;
  • меҳнат органининг таклифига кўра бошқа жойга ишлаш учун ихтиёрий равишда кўчиб бориш билан боғлиқ харажатларни қоплашни;
  • ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш имкониятини.

Иш қидираётган шахсларга кўрсатиладиган хизматлар

Маҳаллий меҳнат органлари иш қидираётган шахслар ва ишсизларга:

  • бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш;
  • касбга йўналтириш;
  • мақбул келадиган ишни таклиф қилиш;
  • ишга жойлашиш учун йўлланма бериш;
  • касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш;
  • ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича хизматлар кўрсатади.

Иш қидираётган шахсга мақбул келадиган ишни таклиф қилиш ва ишга жойлашиш учун йўлланма беришнинг сони, даврийлиги ва муддати чекланмайди.

Қўшимча кафолатлар кимларга берилади?

Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Бундай тоифаларга қуйидагилар киради:

  • 14 ёшга тўлмаган боласи ёки ногиронлиги бўлган боласи бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар;
  • умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;
  • «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари;
  • давлат гранти асосида ўқиган олий таълим ташкилотлари битирувчилари;
  • муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • пенсияолди ёшидаги шахслар;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар;
  • суд қарорига асосан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
  • одам савдосидан жабрланганлар;
  • оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа шахслар.

Пенсияолди ёшидаги шахс деганда қонунчиликда белгиланган пенсия ёшига етишига икки йил қолган шахс тушунилади.

Қўшимча кафолатлар қандай таъминланади?

Қўшимча кафолатлар:

  • янги ва қўшимча иш ўринларини яратиш;
  • ихтисослаштирилган ташкилотларни ташкил этиш;
  • ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун мослаштирилган иш ўринларини яратиш;
  • махсус касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш;
  • ташкилотларда иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва уларни захирага қўйиш;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни амалга ошириш орқали таъминланади.

Захирага қўйилган иш ўринларига қабул қилиш

Маҳаллий меҳнат органлари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда юборилган ижтимоий эҳтиёжманд шахсларни иш берувчи захирага қўйилган иш ўринларига қабул қилиши шарт.

Захирага қўйилган иш ўрнига юборилган шахсни асоссиз равишда ишга қабул қилмаслик қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Иш ўрни тегишли тоифадаги шахснинг ҳолати ва эҳтиёжларига мувофиқ бўлиши керак. Масалан:

  • болалар тарбияси билан меҳнат мажбуриятларини бирга бажариш имконини берувчи мослашувчан иш графиги;
  • ногиронлиги бўлган шахс учун соғлиғи ҳолати ва тиббий тавсияларга мос меҳнат шароити;
  • касбий тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар учун устоз бириктириш ёки касбга мослаштириш чоралари назарда тутилиши мумкин.

Қайси ташкилотларда иш ўринлари захирага қўйилади?

Иш ўринларининг энг кам сони ходимларининг ўртача рўйхатдаги сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотлар учун белгиланади.

Туман ёки шаҳар халқ депутатлари Кенгаши қарорига асосан захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони:

  • ташкилот ходимлари ўртача рўйхатдаги сонининг 7 фоизидан ошмаслиги;
  • шундан камида 3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилиши керак.

Ташкилот ҳар йили:

  • 1 сентябрдан кечикмай келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони ва лавозимларини белгилайди;
  • 15 сентябрдан кечикмай бу ҳақдаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига тақдим этади.

Туман ёки шаҳар халқ депутатлари Кенгаши иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисидаги қарорни ҳар йили 1 ноябрдан кечикмай қабул қилади.

Иш берувчининг жавобгарлиги

Қуйидагилар қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади:

  • иш ўринларининг энг кам сонини яратиш тўғрисидаги қарорни бажармаслик;
  • захирага қўйилган иш ўринларини тайёрламаслик;
  • маҳаллий меҳнат органи томонидан юборилган шахсни асоссиз равишда ишга қабул қилмаслик.

Жавобгарликка тортиш иш берувчини белгиланган иш ўринларини яратиш ва захирага қўйиш мажбуриятидан озод этмайди.

Иш берувчилар учун рағбатлантириш чоралари

Белгиланган энг кам миқдордан ортиқ захира иш ўринларини яратган ташкилотлар:

  • Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар;
  • ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун нотурар жойларни биринчи навбатда ажратиш;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёз ва рағбатлантириш чораларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Chat