Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12890 марта ўқилди

Гувоҳнома кимга берилади

Мерос очилган жойдаги нотариус васиятномада кўрсатилган ва меросни қабул қилган меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради.

Вояга етмаган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган меросхўрлар номидан қонуний вакиллари иштирок этади.

Нотариус нималарни текширади

Нотариус:

  • мерос қолдирувчининг вафот этганлигини;
  • мерос очилган жойни;
  • васиятноманинг мавжудлиги, ўзгартирилмаганлиги ёки бекор қилинмаганлигини;
  • мерос мол-мулкининг таркиби ва мерос қолдирувчига тегишлилигини;
  • мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга меросхўрлар мавжудлигини;
  • мурожаат қилган шахснинг ваколати ва меросни қабул қилганлигини текширади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Қоида тариқасида қуйидагилар талаб этилади:

  • меросхўрнинг паспорти ёки идентификация ID-картаси;
  • мерос қолдирувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки далолатнома ёзувидан кўчирма;
  • мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойини тасдиқловчи маълумот;
  • васиятноманинг асл нусхаси ёки дубликати;
  • мерос мол-мулкининг мерос қолдирувчига тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • зарур ҳолларда қариндошлик, никоҳ, фамилия ўзгариши ёки меҳнатга қобилиятсизликни тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • вакил орқали мурожаат қилинганда тегишли ваколат кўрсатилган ишончнома.

Давлат ахборот тизимларидан олиниши мумкин бўлган маълумотлар нотариус томонидан электрон тарзда текширилади.

Муҳим: васиятнома бўйича мерос расмийлаштирилаётганда ҳам вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалар, меҳнатга қобилиятсиз эр (хотин) ва ота-она учун белгиланган мажбурий улуш ҳисобга олинади.

Васиятноманинг меросхўр тақдим этган асл нусхаси ёки дубликати давлат нотариал идорасида қолдирилади.

Гувоҳнома бериш муддати

Гувоҳнома, одатда, мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Агар нотариус бошқа меросхўрлар йўқлиги ҳақида ишончли маълумотга эга бўлса, гувоҳнома бу муддат тугамасидан олдин ҳам берилиши мумкин.

Тўловлар

Давлат божи:

  • кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситасининг ҳар бири учун — БҲМнинг 50 фоизи;
  • бошқа мол-мулк турлари учун — БҲМнинг 30 фоизи.

Бундан ташқари, амалга оширилган ҳуқуқий ва техник ҳаракатлар учун белгиланган максимал миқдорлар доирасида ҳақ ундирилиши мумкин.

Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Нотариат тўғрисида»ги Қонун, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун ва қўшимча ҳаракатлар учун тўловларнинг максимал миқдорлари билан белгиланган.

 

Chat